Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури (БМТТД) Ўзбекистонда энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришни, шу жумладан ушбу соҳада малакали мутахассисларни тайёрлаш орқали фаол қўллаб-қувватлайди.
2024-йил август-сентябр ойиларида 16 та ҳудудий “Ишга Марҳамат” мономарказларига қуёш панеллари ва қуёш иситгичларини (қуёш коллекторларини) ўрнатиш бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш учун ўқув жиҳозлари ва ўқув материаллари (тақдимотлар, ўқув қўлланмалари ва тарқатма материаллар), шунингдек, амалий машғулотлар учун қуёш панеллари ва қуёш коллекторларининг макетлари таыдим этилди.
Ускуналарни топшириш маросимлари Бухоро, Қарши, Наманган, Нукус ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган мономарказларда бўлиб ўтди. Ускуналарни топшириш 2023-йил октябр-ноябр ойларида “Ишга Марҳамат” мономарказлари ўқитувчилари (электрик ва сантехник-чилангарлар мутахассисликлари бўйича) учун қайта тикланувчи энергия манбалари билан ишлаш бўйича ўтказилган тренингларнинг мантиқий давоми бўлди.
Тадбирлар БМТТД ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Глобал Экологик Жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг билан ҳамкорликда ўтказилди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 йил 2023 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини амалга оширишга қаратилган.
Йилига 300 га яқин қуёшли кун бўлган Ўзбекистонда текин тоза қуёш энергиясидан фойдаланиш зарур. Бу, айниқса, анъанавий электр энергияси ҳар доим ҳам мавжуд бўлмаган қишлоқ жойларида тўғри келади ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўплаб инфратузилма масалаларини ҳал қилиши мумкин. БМТТД ва ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ушбу соҳада малакали мутахассислар етишмовчилигини тўлдиришга қаратилган. Тақдим қилинган ускуналар иштирокчиларга қуёш панеллари ва қуёш коллекторларини ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича асосий кўникмаларни эгаллаш имконини беради, бу эса барқарор энергияни кенг жорий этиш ва яшил иш ўринларини яратишга янада ҳисса қўшади.
БМТТД томонидан ҳудудий «Ишга Марҳамат» мономарказларига берилган ўқув жиҳозлари келгусида мономарказ ходимларига мустақил равишда маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш имконини беради. Ўқув курси қуёш коллектори ва қуёш панелларнинг ишлаш тамойиллари, электр таъминотига қўйиладиган талаблар ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги, қайта зарядланувчи батареяларнинг хусусиятлари ва бошқа кўплаб масалаларни ўз ичига олади.
Шунингдек, амалий машғулотларни ўтказиш учун зарур бўлган барча нарсалар, жумладан, қуёш батареялари ва қуёш коллекторларини ўрнатиш ва йиғиш кўникмаларини эгаллаш учун ўқув моделлари билан таъминланган.
Эслатиб утамиз, БМТТД “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси энергия самарадор технологиялар ва қурилиш материалларини кредитлаш механизмини ишлаб чиқиш, синаб кўриш, кенг кўламда оммалаштириш воситаси орқали Ўзбекистонда тез суръатлар билан ривожланаётган жойларда уй-жойлар қурилиши секторини янада барқарор ва паст-углеродли уйларни қуриш йўлига ўтказишга қаратилган.
Бу эса мамлакатнинг қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи аҳолини паст-углеродли турар-жойларга бўлган талабининг ўсишига сезиларли даражада туртки беради.
Лойиҳанинг мақсади республикамиз ҳудудлари аҳолисини атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган яхшиланган ва арзон турмуш шароитлари билан таъминлашдан иборат.