2022 йил 28 февраль куни Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 49-сессияси ўз ишини бошлади.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида 2020 йил 13 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланган. Мамлакатимиз 2021 йил 1 январдан бошлаб бу борадаги вазифасини бажариб келмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг баҳорги сессияси доирасида 2021 йил 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва сўзга чиқди. Юқори даражадаги сегмент Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг йил давомидаги энг асосий сиёсий тадбири ҳисобланади.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли халқаро ташкилот олий минбаридан бир қанча миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларни илгари сурган. Ўзбекистон Президентининг бу ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланган ва изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.
Хусусан, Женева шаҳрида 2021 йил 8 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурганди.
Айни чоғда, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 49-сессияси ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Маълумот учун: БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2006 йил 5 март куни БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюцияси билан ташкил этилган. Мазкур резолюция асосида Кенгаш ҳар бир давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари бажарилишининг Универсал даврий таҳлилини амалга оширади ҳамда шу орқали универсал миқёсда ва барча давлатларга бир хил муносабатни таъминлайди.