Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 15/05/2019 “Бизнес-экспресс” тадбиркорликнинг турли фаолият йўналишларини қамраб олмоқда
“Biznes-ekspress” tadbirkorlikning turli faoliyat yo'nalishlarini qamrab olmoqda

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан “Бизнес-экспресс” лойиҳасининг навбатдаги тадбири ташкил этилди. Бу сафарги тадбир “15 май – Халқаро оила куни” ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга бағишланди.

Мазкур тадбирни айнан тадбиркорларнинг амалий ҳамкори бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Марказий банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси фаол қўллаб-қувватлади.

Аввалига тадбир иштирокчилари меҳмонхона бизнеси бўйича 20 йилдан буён муваффақиятли ишлаб келаётган пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Guest house GULNARA” оилавий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бу ердаги кўркам ҳовлида иштирокчиларга ушбу йўналишда бизнес юритишнинг барча жиҳатлари сўзлаб берилди.

– Фаолиятимни бор йўғи 4-6 кишини сиғдира оладиган шароитдан бошлаганман, – дейди мазкур оилавий меҳмонхонага асос солган Гулнора Каримова. – Ўтган йиллар давомида кенгайиб, ҳозирда 32 нафар меҳмонни бир вақтнинг ўзида қабул қилиш имкониятига эга бўлдик. 5 нафар оила аъзоларим билан меҳмонларга хизмат кўрсатамиз. Меҳмонлар орасида хорижлик сайёҳлар ҳам бор. Уларга ўзимизнинг миллий анъаналарга мос, хонадон шароитида ташкил этилган меҳмонхоналар катта қизиқиш уйғотади. Ҳозирда оилавий корхона сифатида ягона солиқ тўловчиси ҳисобланаман.

Сўнгги йилларда меҳмонхоналар фаолиятини ривожлантириш учун давлатимиз раҳбарияти томонидан берилаётган имкониятлар ушбу йўналишдаги бизнесимизнинг муваффақиятини таъминламоқда. Шу билан бирга, бизнесни бошламоқчи бўлган ёшларга ўзларида ҳам катта иштиёқ ва тавваккалчиликдан қўрқмасликни маслаҳат берган бўлардим. Мана бугун ишимизни ўрганиш мақсадида ташриф буюрган иштирокчилар орасида шундай ёшларни кўриб, ҳурсанд бўлдим.

Иштирокчилар меҳмонхона бизнесини ташкил қилиш ва бошқариш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларни йўлладилар, бу йўналишдаги бизнес учун илк қадамларни қўйишда юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар хусусида сўрадилар. Гулнора опа бўлажак тадбиркорларнинг барча саволларига батафсил жавоб бериб ўтдилар.

Шундан кейин “Бизнес-экспресс” иштирокчилари нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган М.Улуғбек туманидаги “Zuzzi 777” МЧЖ оилавий корхонасига ташриф буюрдилар. 20 ёшлик корхона раҳбари Зилола Усмонова бир вақтлар бу ёшда ана шундай корхонани бошқаришини тасаввур ҳам қила олмаган.

– Доно халқимизда “Кўз қўрқоқ, қўл ботир” деган нақл бежизга айтилмайди, – дейди Зилола Усмонова. – Ўз бизнесини очмоқчи бўлган ёшларни бугун ҳеч нимадан қўрқмасликни, давлатимиз томонидан ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлардан унумли фойдаланишга чақириб қолган бўлардим. Ушбу мўъжазгина қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонамда ҳозирда 3 киши меҳнат қилади. 25 турдаги ширинликларни халқимиз дастурхонига тортиқ қилмоқдамиз. Кунлик савдо тушуми 400-500 минг сўмни ташкил этмоқда. Келгусида фаолиятимни янада кенгайтириш, бошқа туманларда корхонамнинг янги бўлимларини очиш ниятим бор.

Албатта, бизнесимни бошлашимда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг “Академик” филиали томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли шартлар асосида ажратилган 150 млн. сўмлик кредит муҳим ўрин тутди. Ҳозир ҳам кенг аҳоли қатлами учун таклиф этилаётган мазкур кредит тури жуда қулай бўлиб, 6 ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 3 йил муддатга 8 фоизлик ставкада ажратилмоқда. Ўйлайманки, мазкур тадбир иштирокчилари бўлган ўз тенгқурларим ва ёш ука ҳамда сингилларимга ҳам ҳеч бир давлатда кузатилмайдиган бундай имкониятдан фойдаланишга чорлаб қоламан.

Шижоатли, тадбиркорликда янги ташаббуслар қилишга ташна ёшлар айнан ушбу соҳа вакилларидан бизнесни қандай ташкил этиш бўйича керакли маълумотларни олиб, жараённи ўз кўзлари билан кўрдилар ва бизнес бўйича керакли кўникмага эга бўлдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг