Бишкек шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар божхона органлари кинология хизматлари раҳбарларининг 32-йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бишкек шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар божхона органлари кинология хизматлари раҳбарларининг 32-йиғилиши бўлиб ўтди, Унда Божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази директори Ф. Қаҳҳоров бошчилигидаги делегация ҳам фаол иштирок этди.
Йиғилишда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва замонавий ёндашувларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, йиғилиш давомида қатор ҳужжатлар имзолнди. Жумладан жорий йилнинг 20-24 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Миллий кинология марказида “Чегара божхона постларида хизмат итларини гиёҳвандлик воситаларини қидириб топишга ўргатиш” мавзусида халқаро амалий семинари ўтказилиши белгиланди.
Бу эса Божхона қўмитаси Раҳбарияти томонидан кинология соҳасига кўрсатилаётган эътибор натижасида мазкур Марказнинг халқаро даражадаги нуфузи тобора ошиб бораётганини тасдиқлайди.
Йиғилиш доирасида иштирокчи кинологлар учун халқаро амалий семинар ташкил этилди. Уни колумбиялик эксперт, халқаро даражадаги мутахассис-кинолог Жонатан Ҳернандес хизмат итларини тайёрлаш ва соҳада илғор усулларни қўллаш бўйича амалий тажрибаларини ўртоқлашди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона органлари кинология хизматлари раҳбарларининг икки томонлама учрашуви ҳам бўлиб ўтди ҳамда учрашув якунида Ҳамкорлик баённомаси имзоланди.
Мазкур ҳужжат иккала давлат кинология соҳалари ўртасида тажриба алмашиш, қўшма амалий машғулотлар ўтказиш ҳамда хизмат итларини тайёрлаш бўйича илғор методикаларни биргаликда жорий этиш имкониятларини янада кенгайтиради.