Берлин шаҳрида Фарғона-Германия бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Берлин шаҳрида Фарғона-Германия бизнес форуми бўлиб ўтди Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур форумда юздан ортиқ фарғоналик ва немис ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Ахатов форум икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Форумда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик даражасига етганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги энг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири эканлиги таъкидланди. — Фарғона вилояти — мамлакатимизнинг иқтисодий ва аҳоли жиҳатидан энг йирик ҳудудларидан бири. Вилоятимиз нефть-газ, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм ва, айниқса, IT соҳасида катта салоҳиятга эга. Бизда ер ва меҳнат ресурслари, ривожланган инфратузилма, экспорт бозорларига яқинлик ва барқарор сиёсий муҳит — барчаси сизлар учун муҳим инвестициявий имкониятлар ҳисобланади, — деди вилоят ҳокими.
Бизнес-форум доирасида вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов Ўзбекистон, хусусан, Фарғона вилоятида қулай бизнес муҳити, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тақдимот ўтказди.
Шу билан бирга, сармоявий ва саноат салоҳияти, мавжуд инфратузилмалар ва давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида фикр алмашилди. B2B форматдаги учрашувларда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва касб-ҳунарга ўқитиш соҳаларида истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Форум икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ва қўшма сармояларни кенгайтириш учун муҳим платформа бўлди.