Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 09/12/2023 Байрам оғушидаги обод маҳаллалар
Байрам оғушидаги обод маҳаллалар

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган «Конституция ҳафталиги» доирасида Бухоро вилоятида ҳам бир қатор янги объектлар фойдаланишга топиширилмоқда.

Ана шундай манзиллардан Шофиркон туманининг «Қуйи Чуқурак» ва Пешкў туманининг «Дейча» маҳаллаларини кейинги уч ойда «Обод хонадон -

обод кўча - обод маҳалла» мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар якунланиб, янги бино ва иншоотларнинг очилиш маросимлари ўтказилди.

Шофирконнинг «Қуйи Чуқурак» МФЙ да 642 та хонадон ва 826 та оила бўлиб, уларда яшовчи аҳоли сони 3 минг 800 нафардан ортиқроқ. Дастур асосида маҳаллада йўллар равон бўлди, электр таъминоти, ичимлик суви борасидаги муаммолар ўз ечимини топди. Бир сўз билан айтганда, қуйи чуқуракликларнинг турмуш фаровонлиги яхшиланди.

Олис маҳалланинг инфратузилма иншоотлари билан бирга 33-сонли умумий ўртатаълим мактабининг спорт майдони замонавий кўриниш касб этди. Шунингдек, спорт майдончасининг шай қилингани маҳалла аҳлини беҳад шодлантирди. Қўшимчасига болалар ўйин майдончалари фойдаланишга топширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Қуйи Чуқурак маҳалласининг ўзига хос очилиш маросими ўтказилди. Тантанада йиғилганлар янгидан ишга туширилган маҳалла фуқаролар йиғини биноси, «Уч авлод маскани», шунингдек, оилавий шифокорлик пункти, аёллар саломатлик маркази, янги корхоналарда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

"Обод хонадон, обод кўча ва обод маҳалла» мезонлари доирасида Қуйи Чуқуракда амалга оширилган ишлар мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг ўзига хос намунасидир. Зеро, Янги Ўзбекистонимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси бош тамойили аввало, шу Ватанда истиқомат қилаётган ҳар бир шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг орзу интилишларини рўёбга чиқариш, фуқароларга муносиб турмуш сифатини тақдим этишдан иборатдир.

Бухоро вилоятининг 5 та туманидаги энг чекка, ижтимоий аҳволи оғир маҳаллалари орасидан Пешкў туманининг «Дейча» ҳудуди ҳам танлаб олинганди. Белгиланган вазифалар ижроси учун

республика, шунингдек, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳисобидан етарли даражада маблағ ажратилди. «Дейча»да бошланган кенг кўламдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳам якунига етказилди. Янгиланган маҳалланинг ўзига хос очилиш тадбирида Республика ҳамда вилоят даражасидаги масъуллар, шунингдек, ташкилот, идора ва корхоналар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этдилар. Маҳалладаги байрам тадбири эрта тонгдан «Соғлом ҳаёт учун» югуриш марафони билан бошланди. Маҳалланинг кириш қисмидан старт олган марафонда 300 нафардан зиёд ёшлар ҳамда маҳалла аҳлига ҳарбий оркестр, Миллий гвардия отлиқ ҳарбийлари, «Ватанпарвар» ташкилоти, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус техникалари ҳамроҳлик қилди. 

Тўйга тўёна билан деганларидек, шу куни «Дейча» маҳалла фуқаролар йиғинининг кўпдан кутилган янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 500 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилувчи маҳалла биносида ходимлар учун барча шарт-шароит ҳозирланган бўлиб, бу қулайлик ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан ишлаш, идоралараро маълумот алмашиш вазифаларини осонлаштиради. «Дейча» маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзига хос очилиш тадбирида «Конституция—халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси» тамойили қайта замонавий қиёфа касб этаётган Дейча ва дейчаликлар турмуши фаровонлигига хизмат қилаётгани таъкидланди. Бу эса барчага бирдек фахр туйғуларини ҳамроҳ айлади.

Шу ўринда маълумот учун, Янги ҳаёт, Кодравон, Янги йўл, Чоробод, Болин, Дейча, Зарафшон каби 7 та қишлоқдан ташкил топган маҳаллада бугунга келиб 534 та хонадон, 695 та оила ва уларда жами 2 минг 500 га яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Қисқа фурсат ичида туман марказидан 9 километр узоқликда жойлашган мазкур манзилни обод қилиш, бунда аҳоли учун зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларидан тортиб, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа иншоотларигача рисоладагидек кўринишга келтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги икки ойда бажарилган ишлар эса таҳсинга лойиқ.

Муҳими, бугун маҳалладаги ҳар бир гузар, кўча, хонадон айтиш мумкинки, янгиланган. Одамлар турмуши фаровонлашаётганини ўз ҳаёти, қишлоғидаги ўзгариш ва янгиланишлар мисолида яққол ҳис этмоқда. Шу боисдан Дейчада ўтган тадбир байрамона тус олди. Унда ҳудудда бажарилган бунёдкорлик ишлари давлатимизнинг аҳоли ижтимоий ҳимоясига қаратилган эътибори намунаси экани алоҳида эътироф этилди. 

Шу куни дейчаликлар ва улар хурсандлигига шерик бўлган меҳмонлар учун ўзига хос байрам тантанасига айланган тадбирда тўкин дастурхон ёзилиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, элимиз ризқ-насибаси мўллиги, турмуши фаровонлигини сўраб дуолар қилинди. Кекса нуронийлар, маҳалла аҳли, ёшлар ва кенг жамоатчилик инсон қадри улуғланган юртда яшаётганларига шукронада эканликларини намоён қилдилар. Мазкур байрам тадбирида туман маданият уйи жамоаси, хушовоз хонандалар куй-қўшиқларидан иборат концерт дастури билан

даврага файз бағишлади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг