Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 06/09/2017 Бахтиёр ЯКУБОВ: Иқтисодиётни либераллаштиришда принципиал муҳим қадам
Бахтиёр ЯКУБОВ: Иқтисодиётни либераллаштиришда принципиал муҳим қадам
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган ўзгаришлар, қолаверса, миллий иқтисодиётимиз рақобатдошлигини янада ошириш зарурати мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, институционал ва таркибий янгиланишларни давом эттиришни тақозо этмоқда. Шу маънода давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борада муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизнинг кейинги беш йиллик истиқболи акс этган мазкур стратегияда белгиланган вазифалар бугун амалиётда ўз исботини топмоқда. Айниқса унинг иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш деб номланган учинчи йўналишида кўрсатилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш каби устувор вазифаларга эътибор қаратилган. Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон айнан ушбу долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади, десак сира муболаға бўлмайди.

Маълумки, хоҳ у қарор бўлсин ёки фармон унинг қабул қилиниши замирида муҳим ҳаётий зарурат ётади. Таъкидлаш жоизки, эркин конвертациянинг мавжуд эмаслиги мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан ҳисобланарди. Қолаверса, бозор талабларига мос келмайдиган валюта сиёсати экспортчилар фаолиятига тўсқинлик қилиб, давлатнинг экспортга йўналтирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг самарадорлигини ҳам бирмунча пасайтирар эди. Хусусан, партия томонидан ўтказилган қатор тадбирларда тадбиркорлар ушбу оғриқли масалага тўхталиб, валюта муомаласига ҳаддан ташқари маъмурий аралашув мавжудлиги, бунинг оқибатида алоҳида тармоқлар ва хўжалик юритувчи субъектлар учун берилаётган асосий имтиёз ва преференцияларнинг кам самарали тизими шаклланганини қайд этиб келишаётган эди.

Бунинг натижасида мамлакатимизда бизнес юритиш борасида тенг бўлмаган шарт-шароитлар вужудга келди, рақобат тамойилларининг бузилиши каби ҳолатлар кузатилди. Бу хорижий инвестицияларни жалб қилиш, товар ва хизматлар экспорти, умуман мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади, албатта.

Мазкур йўналишда кўзга ташланган шу ва бошқа камчиликлар илғор хориж тажрибасини ўрганган ҳолда мамлакатимизда валюта сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва шу асосда соҳани либераллаштиришни тақозо этди.

Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг имзоланиши мамлакатимиз тадбиркорлари ва ишбилармонлари томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди. Боиси, улар бу валюта сиёсатини либераллаштиришга қаратилган ислоҳотни орзиқиб кутишган эди. Зеро, ушбу ҳужжат бизнес учун янги имкониятлар эшигини очиши ва хўжалик юритиш шароитларини тубдан ўзгартиришга қаратилганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.

O‘zLiDePнинг фикрича, Фармонда кўзда тутилган чора-тадбирлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишга, ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорда рақобатдошлигини оширишга, республикамизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга имкон беради. Энг муҳими, Фармонда белгиланган нормалар ижроси валюта бозорида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг рақобат шароитларини яратади.

Партиямиз мамлакатимизда валюта сиёсатини либераллаштириш борасида бошланган янгича ислоҳотларга миллий валютамизнинг барқарорлигини таъминлаш, юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш йўлида қўйилган муҳим қадам сифатида қарайди. Ҳақиқатан ҳам “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг имзоланиши валюта бозори либераллашуви соҳасида кенг миқёсли ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.

Айтиш жоизки, ушбу Фармон нафақат валюта сиёсатини шакллантиришнинг янги тамойилларини жорий қилиш, балки аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ҳам назарда тутади. Пировардида, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича ўзаро боғлиқ чора-тадбирлар мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, реал маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоқларнинг ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади, бу эса аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилади.

Шу муносабат билан, партиямизнинг барча фаоллари ва хайрихоҳлари номидан қайд этамизки, O‘zLiDeP валюта сиёсатини либераллаштириш сари қўйилган муҳим қадамни нафақат тўлиқ қўллаб-қувватлайди, балки барча саъй-ҳаракатларини ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг сўзсиз рўёбга чиқишига амалий жиҳатдан кўмаклашишга қаратади.

Мухтасар айтганда, биринчидан, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатишни муҳим деб биламиз. Иккинчидан, O‘zLiDeP фракцияси Ўзбекистон Республикаси “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишда фаол иштирок этади. Бу билан партия ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантиришга оз бўлсада ўз ҳиссасини қўшади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг