Барча таълим муассасаларида мажбурий меҳнат устидан назорат тадбирлари ўтказилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 15 август санасидан бошлаб, бутун республика бўйича мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида “Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳафталиги” эълон қилинади.
Меҳнат инспекцияси барча таълим муассасаларида мажбурий меҳнат устидан назорат тадбирлари (рейдлар) ўтказади.
Сўнгги кунларда ўқитувчи ва мураббийларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари бўйича эълон қилинаётган хабарлар фуқароларимизнинг меҳнат ҳуқуқлари дахлсизлиги хавф остидалигини кўрсатмоқда.
Маълумот учун, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритилган 10 га яқин ўқитувчи ва мураббийларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари тасдиғини топиб, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган. Тегишли вазирлик ва идораларга қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ҳамда уларнинг келиб чиқишига имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган.
Ҳафталик доирасида нафақат иш берувчилар балки, мажбурий меҳнатга йўл қўйган барча масъул мансабдор шахсларга нисбатан ҳам жавобгарлик чоралари қўлланилади.