Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 23/01/2017 Банклар халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим
Банклар халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 14 декабрь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида халқ билан янада яқин бўлиш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, шу орқали уларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида тижорат банкларининг олдига ҳам бир қатор улкан вазифалар қўйиб, зарур йўл-йўриқлар ва кўрсатмалар берди.

Шу маънода аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва албатта, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мижозларга замонавий банк хизматлари ва зарур молиявий кўмак беришга қаратилган тижорат банкларининг истиқболдаги режалари юзасидан депутатлик гуруҳи назоратини олиб бориш мақсадида халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг йиғилиши ўтказилди.

Унда Марказий банк Сурхондарё вилояти Бош бошқармасининг 2017 йилда ўз олдиларига белгилаб олган устувор вазифалари, мамлакатимизда хусусий тадбикорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг банкка нисбатан ишончини ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар режаси бўйича ахборотлари тингланди.

Унга кўра тижорат банклари давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган вазифаларни бажариш юзасидан, оддий аҳолини тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш, уларнинг банк хизматлари ва кредит маблағларига бўлган эҳтиёжини ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган фуқароларга намунавий лойиҳаларни таклиф этиш ҳамда кредит ҳужжатларини тайёрлаш бўйича тегишли маслаҳатлар бериш ва қисқа муддатларда кредит маблағларини ажратиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилгани ва унинг ижроси юзасидан жойлардаги банк филиаллари томонидан “Ҳар бир хонадонга” шиори остида аҳоли хонадонларига ташриф буюриш йўлга қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди.

– Бугунги кунгача вилоятимиздаги тижорат банклари филиаллари томонидан 84 мингга яқин хонадонларга кирилиб, тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди, – дейди Марказий банк Сурхондарё вилояти Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдуллазиз Бозоров. —Қисқа муддат ичида 56 та хонадоннинг хужжатлари кўриб чиқилиб, айни вақтда 600 млн. сўм миқдорида кредит бериш арафасида турибмиз. Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган жами 2 минг 400 та хонадонларнинг хужжатлари кўриб чиқилмоқда. Жорий 2017 йилги иш режамизда вилоятимизда 5 минг та иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда ушбу лойиҳамизни амалга ошириш учун 2 трлн. 200 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратишни ўз режамизга киритдик.

Ўз навбатида, йиғилишда аҳоли хонадонларига юриб, уларга тадбиркорлик ва фермерликнинг чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш, боғдорчилик, узумчилик сингари жами 25 турдаги йўналишларда кредитлар ажратиш йўлга қўйилаётганлиги таклифи ва тавсияларини мунтазаб бериб бораётганлиги ҳақида айтиб ўтилди.

Аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш учун халқ вакиллари сифатида депутатлик гуруҳи назоратини олиб бориш мақсадида ўтказилган йиғилишда тижорат банклари томонидан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш жараёнларида туман, қолаверса, фуқаролар йиғинлари жойлашган ҳудуднинг имкониятлари, шунингдек ўз навбатида ҳудуднинг хомашёси ва меҳнат ресурслари, маҳаллий анъаналарига ҳам эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат идораларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш кераклиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнггида кун тартибдаги масалалар юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.

Холиддин Бўриев, O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши Мафкуравий, ташвиқот-тарғибот ишлари бўлими мудири.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг