Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 22/11/2023 Банк тизимида рақобат даражаси ортаяпти
Банк тизимида рақобат даражаси ортаяпти

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2023-йилнинг май ва октябрь ойлари оралиғида Ўзбекистон банк тизимида рақобат даражасининг ўзгариши таҳлил қилинди. 

Банк тизимида рақобат даражасини аниқлаш учун CR (Концентрация нисбати) ва HHI (Херфиндал-Хиршман индекси) концентрация кўрсаткичларидан фойдаланилди. Улар рақобат даражасига кўра бозорларни 3 гуруҳга ажратади, яъни рақобат даражаси паст, ўртача ва юқори.

Маълумот учун: CR кўрсаткичи 70 фоиздан 100 фоизгача, HHI 2500 дан 10000 гача бўлса, рақобат даражаси паст, CR кўрсаткичи 45 фоиздан 70 фоизгача, HHI 1500 дан 2500 гача бўлса, рақобат даражаси ўртача, CR кўрсаткичи 45 фоиздан кичик, HHI эса 1500 дан паст бўлса, рақобат даражаси юқори. 

Ҳисоб-китоб жараёнида 2023-йилнинг май-октябрь ойлари оралиғида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш олиб борган барча тижорат банкларининг асосий фаолият кўрсаткичлари, жумладан активлар, депозитлар ва кредит қўйилмалари ҳажмидан фойдаланилди. 

Активлар. 2023-йил 1-октябрь ҳолатига кўра, Республикамиздаги тижорат банкларининг активлари ҳажми 615,8 трлн. сўмни ташкил этди. Бу 1-май ҳолатига нисбатан қарийб 8,7 фоиз кўп. Активлар бўйича ҳисобланган HHI индекси 907 ни ташкил қилди. Бу республикамиз банк тизимида активлар бўйича рақобат кучайиб бораётганидан далолат беради. 

Кредитлар. Иқтисодий фаолият субъектларига тақдим этилган кредитларнинг HHI индекси 2023-йилнинг 1-майидан 1-октябригача бўлган давр оралиғида 1031 дан 985 гача пасайди. 1-октябрь ҳолатига кўра, тижорат банкларининг кредит қўйилмалари ҳажми 451,6 трлн. сўмга етди. Бу 1-май ҳолатига нисбатан 9,2 фоиз пунктига кўп. Бу даврда хусусий банклар томонидан ажратилган кредитларнинг бутун банк тизими жами кредитлар ҳажмидаги улуши 18,5 фоиздан 28 фоизга ошди. Давлат улуши мавжуд энг йирик 3 та банкнинг улуши эса 46,1 фоиздан 44,8 фоизгача камайди. Бу ижобий ўзгариш ҳисобланади. Чунки у банк тизимида ҳам бозор механизмларининг тобора кенг татбиқ этилаётганини кўрсатади.

Депозитлар. Депозитлар бўйича ҳисобланган HHI индекси май-октябрь ойлари оралиғида 703 бирликдан 669 бирликкача

камайди, яъни депозитлар бозорида банклар ўртасида рақобат даражаси ошган. Бу даврда тижорат банкларидаги депозитлар ҳажми сезиларли даражада ошди ва 1-октябрь ҳолатига кўра 221,3 триллион сўмга етди ва 1-май ҳолати билан таққослаганда 7 фоизга ўсди. Депозитлар ҳажмининг сезиларли даражада кўпайиши аҳолининг банк тизимига ишончи ортиб бораётгани билан бирга депозитлар бўйича фоиз ставкалари жозибадорлиги сақланиб қолаётганидан ҳам далолат беради. 

Банк тизимида рақобатнинг яхшиланишини банк бозорига киришга бўлган ортиқча талаб ва чекловларнинг регулятор томонидан юмшатилиши ва бунинг натижасида бозорга бир қанча янги ва хорижий банкларнинг кириб келиши, онлайн ва мобил банк хизматларининг оммалашаётганлиги ва бу хизматлар асосан хусусий ва хорижий банклар томонидан кўрсатилаётганлиги билан изоҳлаш мумкин.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг