Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Туризм 15/03/2019 Бангладеш пойтахтида Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди
Бангладеш пойтахтида Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги Элчихонаси ва Бангладеш Сайёҳлик компаниялари ассоциацияси билан ҳамкорликда Дакка шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм ва инвестицион салоҳиятига бағишланган тадбирлар ташкил этилди.

Тадбирларда мамлакатдаги йирик сайёҳлик агентликлари, жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Иштирокчиларга республикамизнинг иқтисодий ва туризм салоҳияти, соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида батафсил маълумот етказилди.

Тақдимотларда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистондаги ислом маданияти марказлари, муқаддас қадамжолар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди ва мавзуга доир видеолавҳалар намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари Самарқанд, Бухоро, Термиз, Тошкент, Хива каби шаҳарлар, мазкур шаҳарларда сақланаётган жаҳон аҳамиятига молик тарихий-маданий мерос намуналари бангладешлик сайёҳлар орасида жуда ҳам машҳур эканлигини ва сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагида бўлганлар сони ортиб бораётганлигини таъкидладилар.

Хусусан, Бангладеш Сайёҳлик компаниялари ассоциацияси президенти Манзур Муршид қуйидаги фикрларни билдирди: “Бангладеш ва Ўзбекистон ўртасида анъанавий равишда дўстона муносабатлар ривожланиб келган. Бунда умумий  тарихимиз ва маданиятларимизнинг ўзаро муштараклиги муҳим ўрин тутади. Шу боисдан ҳам Ўзбекистоннинг бангладешлик сайёҳлар учун жозибаси баланд.

Ўзбекистон туризм секторида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, виза тизимининг эркинлаштирилиши ва сайёҳларга кўплаб қулайликлар яратилаётганлиги сайёҳлик компаниялари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Шу билан биргаликда таъкидлаб ўтишим лозим, бугунги кунда Дакка ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан тўғри ҳаво қатновларининг йўлга қўйилмаганлиги мамлакатларимиз ўртасидаги сайёҳлар оқимига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонга саёҳат қилмоқчи бўлган бангладешлик сайёҳ учинчи мамлакат, асосан, Ҳиндистон, Таиланд ёки Дубай аэропортлари орқали Тошкент шаҳрига етиб боради. Аминманки, Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида ҳаво қатновининг йўлга қўйилиши нафақат туризм соҳасининг ривожига ҳисса қўшади, балки савдо-иқтисодий муносабатларнинг кенгайишига, халқларимизни бир бирига янада яқинлашишига хизмат қилади”.

“Muna Travels and Tours Ltd” сайёҳлик компанияси раҳбари Муҳаммад Ҳилал: “Бизнинг сайёҳлик компаниямиз асосан зиёрат туризмига ихтисослашган. Бугунги тадбир биз учун жуда ҳам сермаҳсул бўлди. Ислом маданиятининг марказларидан бири ҳисобланган Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти бўйича атрофлича маълумотга эга бўлдик. Ўйлайманки, бу йўналишда ўзаро фойдали ҳамкорликни амалга ошириш учун барча имкониятларимиз етарли. Бу йилги мавсумдан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларга сайёҳлик гуруҳларини ташкил қилишни режалаштирганмиз”.

Манба: Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги Элчихонаси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг