Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 08/01/2024 Бандлик ва тадбиркорлик соҳаларидаги таклифлар муҳокама қилинди
Бандлик ва тадбиркорлик соҳаларидаги таклифлар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 8 январь куни аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. 

Расмий статистикага кўра, юртимизда ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилади. Бу йил яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади.

Шуларни инобатга олиб, сифатли ва юқори даромадли иш ўринлари ҳисобига жорий йилда 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Жумладан, хизматлар соҳасида 2,5 миллион, қишлоқ хўжалигида 2,1 миллион, инвестиция лойиҳалари ва саноатда 250 минг, қурилишда 140 минг иш жойи яратиш имконияти бор.

Бундан ташқари, замонавий молиявий инструментлар, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини кенг жорий қилиш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Тақдимотда мутасаддилар 2024 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури бўйича ахборот берди.

Давлатимиз раҳбари бу дастурни маъқуллаб, уни амалга ошириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берди.

Сўнгги йилларда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилгани таъкидланиб, энди уларнинг фаолиятини кенгайтириш, босқичма-босқич кичик бизнесга ўтказиш ва бозор топишига кўмаклашиш муҳимлиги айтилди. “Менинг бизнесим” платформаси, “Бизнесга биринчи қадам” банк карталари жорий этилиши бунинг учун қулайлик яратади.

Иқтисодий айланмага киритилмаган ерларни инфратузилмага улаш, лойиҳаларни ишга тушириш учун ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди. “Агрегатор” тизими асосида “100 минг экспортчи деҳқон” дастури жорий қилиниб, бу йил 15 минг гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиши белгиланди.

Меҳнат стажига эга бўлмаган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий реестрдаги фуқароларни ишга олган корхоналарга солиқ бўйича енгилликлар қўллаш муҳимлиги ҳам айтиб ўтилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига янги иш ўринлари яратиш бўйича қўшимча захира ва имкониятларни аниқлаш вазифаси қўйилди.

Тақдимотда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш тартибини соддалаштиришга оид таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Маълумки, бу йил юртимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бизнесни юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсад қилинган.

Айтиш жоизки, шу пайтгача тадбиркорлардан мавжуд маълумотларни қўшимча равишда талаб қилиш ҳолатлари бор эди. Жорий йилдан бошлаб 34 турдаги ҳисоботлар бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида ҳар йили 21 мингдан ортиқ тадбиркорнинг 500 миллион сўм харажати тежалади.

Ўзи умуман, тадбиркорлар томонидан тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ягона рўйхати тасдиқланмаган. Шу боис давлатимиз раҳбари ягона ҳисоботлар тизимини жорий қилиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, тадбиркорларга мажбурий талабларни қисқартириш мақсадида 16 та лицензия ва рухсатномани бекор қилиш лозимлиги белгиланди.

Бу борада берилаётган енгилликларни тадбиркорларга етказиш, уларнинг таклифларини доимий ўрганиб, статистик ҳисоботларни янада мақбуллаштириб бориш вазифаси қўйилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг