Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари таклифига кўра, БАА «EMAAR Properties» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Аббора пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларида бўлди, инвестициявий жозибадорлиги ва сармоя йўналтириш истиқболли бўлган объектлари билан танишди.
Пойтахт бўйлаб уюштирилган саёҳат давомида Муҳаммад ал-Аббора Тошкентнинг беқиёс шаҳар эканлигини эътироф этди. Ҳудудларнинг ободлиги, озодалиги, кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилгани, пойтахтда ноёб архитектура дурдоналари мавжудлиги, тарихий обидалар меъморчилиги ва замонавий иншоотларда қўлланилаётган архитектурани юқори баҳолади. Шунга кўра, шаҳарнинг туристик салоҳияти ҳам юксак дея таъриф келтирди.
Ўз ўрнида Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ўтган йили пойтахтимизга келган сайёҳлар сони икки баробарга кўпайиб, 5,5 миллиондан ортганини қайд этишди.
Ўтказилган учрашув ва уюштирилган саёҳат натижаларига кўра, БАА «EMAAR Properties» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Аббора шаҳримиздаги бир қатор объектлар, хусусан, “Ўзбекистон меҳмонхонаси”, Ипакчилик кўчасидаги “Меҳмонлар уйи” ҳамда бошқа жойларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати.