Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 08/09/2023 Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: халқаро ва миллий механизмлар
Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: халқаро ва миллий механизмлар

6-7 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуда ўқув курси ўтказилди. Машғулотлар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тингловчиларга ўқув курсидан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар ҳақида атрофлича тушунча берди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, жумладан, жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратиш зарурлигига эътибор қаратилгани алоҳида таъкидланди. 

Бугунги шиддатли ва мураккаб глобаллашув даврида инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми сифатида хотин-қизларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши соҳасидаги вазият ҳам жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинган.

Ушбу Конвенцияга Ўзбекистон 1995 йил 6 майда қўшилган. Конвенциянинг бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Олтинчи даврий маърузаси БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг 2022 йил 15-16 февраль кунлари бўлиб ўтган 81-сессиясида кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими яратилган ва у олтита йўналишдан иборат. Биринчидан, бу борада зарур ҳуқуқий база яратилган; иккинчидан, тегишли институционал тизимга асос солинган; учинчидан, муайян ўқув-тарбия ишлари йўлга қўйилган; тўртинчидан, соҳага оид қонунлар ижросининг мониторинги олиб борилмоқда; бешинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда; олтинчидан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик изчил амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ушбу муҳим масалалар ўз аксини топди. Шунингдек, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясида хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

Кейинги йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясига мувофиқ хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик бўйича муросасизликни таъминлаш борасида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, барча хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган 9 та мақсад ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилмоқда.

Ўқув курсида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ва намунали туманлараро марказлари директорлари ҳамда ҳуқуқшунослари – жами 50 нафар тингловчи иштирок этди. Машғулотлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида ўтказилди. 

Бунда асосий эътибор, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари раҳбар ва ходимларининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини халқаро амалиёт ҳамда миллий тажриба негизида қўллашга оид амалий кўникмаларини янада ривожлантиришга қаратилди. Офлайн ва онлайн тарздаги машғулотларда:

•инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларнинг мазмун-моҳияти ва мамлакат миллий ҳуқуқий тизими учун аҳамияти;

•аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари: халқаро ва миллий механизмлар;

•хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, зўравонлик содир этган шахслар билан ўтказилаётган профилактика ишлари;

•тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ёрдам бериш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирлар;

•гендер тенгликни таъминлаш: халқаро ва миллий тажриба юзасидан тингловчиларнинг билимлари оширилди. 

Айни мавзуларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази экспертлари томонидан маърузалар тақдим қилинди. Тингловчилар ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутахассислари ҳам сўзга чиқди.

Машғулотлар якунида психологик-педагогик тренинг ва юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича амалий машқлар ташкил этилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг