Айдар – Арнасой туризм зонасида янги экотуризм маскани барпо этилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатда туризмни ривожлантириш, ички ва зиёрат туризми имкониятларини кенгайтириш, янги туристик маршрутлар ташкил этиш мақсадида Жиззах вилоятининг Арнасой туманида, Айдар – Арнасой ҳудудида туризм ва экологик уйғунлик асосида янги экотуризм маскани қурилиши давом этмоқда.
Янги маскан доирасида замонавий ёндашув асосида экологик меҳмон уйлари, велосипед ва пиёда сайр йўлаклари, шунингдек, табиатни асрашга хизмат қилувчи ахборот маркази ҳам барпо этилади.
Қурилиш ишлари учун 60 дан ортиқ махсус техника жалб этилган бўлиб, ҳозирги кунда 190 нафардан ортиқ ишчи фаолият юритмоқда.
Экотуризм маскани 2025 йилнинг ноябрь ойида тўлиқ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу ерда сайёҳлар учун қулайликлар билан бирга, табиатни муҳофаза қилишга хизмат қилувчи ечимлар – қуёш панеллари, ёмғир сувини йиғиш тизимлари, чиқиндиларни саралаш пунктлари каби инфратузилмалар ҳам ўрнатилади.