Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 02/02/2023 Атроф-муҳит ҳолати тўғрисида ги Миллий маъруза методологиясини ишлаб чиқиш бўйича семинар-тренинги бўлиб ўтди
Атроф-муҳит ҳолати тўғрисида ги Миллий маъруза методологиясини ишлаб чиқиш бўйича семинар-тренинги бўлиб ўтди

2023 йилнинг 1 февраль куни Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит ҳолати тўғрисида»ги Миллий маъруза методологиясини ишлаб чиқиш бўйича кириш семинар-тренинги бўлиб ўтди. Семинар Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги томонидан БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси (ЕИК), БМТнинг Aтроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) кўмагида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Табиий ресурслар вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Консуело Видал-Брюс семинар иштирокчиларига видеомурожаат шаклида табрик йўллашди.

– Дунё иқтисодиёти ва сиёсатининг «яшил трансформация»си шароитларида Ўзбекистон экологик сиёсатдаги устувор йўналишларни белгилаш, табиий муҳит ҳолатини баҳолаш ҳамда унга салбий таъсир кўрсатиш сабабларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Бу борадаги ишларни янада самарали ташкил этиш – долзарб ва ишончли маълумотлар базаси мавжуд бўлишини тақозо этади,” – деб таъкидлади Жусипбек Казбеков. 

– Aтроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги миллий маъруза экологик вазиятни баҳолаш ва ундаги ўзгаришларнинг сабаб-оқибат муносабатлари таҳлилини ўз ичига олган таҳлилий ҳужжатдир”, – деди БМТ ЕИК минтақавий маслаҳатчиси Сарангу Раднаарагчаа. Шунингдек, у тадбирнинг мақсад ва вазифаларига алоҳида тўхталиб, ҳисоботнинг методологияси БМТ ЕИКнинг атроф-муҳит ҳолати ва муҳофазаси бўйича мамлакатларнинг ҳисоботларини тайёрлаш бўйича қўлланмага асосланишини таъкидлаб ўтди. У 2019 йилда БМТ ЕИК ва ЮНЕП кўмагида Aтроф-муҳит самарадорлигини баҳолаш ўтказилганлигини, бу атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисоботни ишлаб чиқиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилишини эътироф этди.

Семинар очилишида таъкидланганидек, Aтроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги Миллий ҳисобот атроф-муҳит ҳолати ва унинг ўзгариш тенденцияларини баҳолаш имконини берувчи экологик кўрсаткичларга асосланган асосий ахборот маҳсулотидир.

Ҳисоботдан экологик, ижтимоий-иқтисодий сиёсат ва қонунчилик базасини ҳамда табиатдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни давлат томонидан тартибга солиш механизмлари, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни янада такомиллаштириш, мақсадли экологик дастурларни, экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган илмий-техник ишланмаларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, барқарор ривожланишнинг асоси сифатида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиатдан оқилона фойдаланиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида экологик жиҳатдан муҳим қарорларни қабул қилишда ахборот асоси сифатида фойдаланиш имконини беради. 

Бугунги кунга келиб, атроф-муҳит ҳолати бўйича миллий ҳисоботларни тайёрлашнинг умумэътироф этилган методологияси, бу Driver-Pressure-State-Impact-Response (DPSIR) – Драйверлар (Ҳаракатлантирувчи куч) -Босим-Ҳолат-Таъсир-Жавоб чоралар схемаси ҳисобланади.

Мазкур ўқув семинарда Ўзбекистон Республикасининг турли вазирлик ва идораларидан 30 дан ортиқ мутахассислар иштирок этиб, Барқарор ривожланиш халқаро институтининг халқаро эксперти Ливия Бизикова (Канада) томонидан тақдим этилган DPSIR схемаси билан танишдилар. У интеграциялашган секторлараро сиёсатни ишлаб чиқиш учун асоснинг афзалликларини амалий тадқиқотлар билан батафсил баён қилди ва DPSIR матрицасидан фойдаланишни интерактив тарзда намойиш этди.

Ушбу схема жамият ва атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро таъсирни тавсифлаш учун сабаб схемаси сифатида ишлатилади. Бу атроф-муҳитга тўғридан-тўғри инсоний ва табиий босимлар, шунингдек инсон ривожланиши билан боғлиқ бўлган ушбу таъсирларнинг юқори оқимларини тушунишга кўмак беради. 

Бундай таҳлил орқали атроф-муҳит ҳолатидаги ўзгаришлар инсон фаровонлигига таъсир қилиши мумкин бўлган муайян экотизим хизматларига қандай таъсир қилишини кўриш мумкин. Ушбу муаммоларга жавоб бериш самарадорлигини баҳолаш учун тегишли комплекс баҳолаш доирасида зарарни камайтириш ва атроф-муҳитни тиклаш ва одамларни мавжуд атроф-муҳит таъсирига мослаштириш сиёсатини таҳлил қилади.

– Биологик хилма-хиллик нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, балки қишлоқ аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, овқатланиш ва даромадларининг барақарорлигига ҳам хизмат қилади, – деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. – Соғлом овқатланиш учун соғлом муҳит зарур. Биологик хилма-хиллик ва озиқ-овқат хавфсизлиги ўртасидаги боғлиқлик муҳим аҳамиятга эга. Қайд этиш жоизки, ФАО биохилма-хиллик билан боғлиқ бир қанча Барқарор ривожланиш мақсадлари учун масъул бўлиб, ўз аъзоларига ушбу мақсадларга эришишда, жумладан маълумотларни тўплаш, мониторинг қилиш ва ҳисобот бериш имкониятларини ошириш орқали ёрдам беради.

Словакия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги вакиллари Дорота Херикова, Зузана Лесковска ва Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлиги вакиллари Олтин Балабаева, Ирина Колчина ўтиш давридаги мамлакатларнинг Миллий ҳисоботлар бўйича халқаро тажриба ва амалиёти билан ўртоқлашдилар. 

Ўзбекистонлик экспертлар – Табиат ресурслари, Иқтисодиёт ва молия, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутахассислари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мавжуд ҳолат ва тенденцияларни тақдим этди.

Семинар давомида иштирокчиларнинг атроф-муҳитнинг таркибий қисмларига бўлаётган босимнинг асосий омиллари, шунингдек мумкин бўлган жавоб чораларини

ишчи гуруҳларда муҳокама қилиш ва аниқлаш бўйича фаоллиги алоҳида эътиборга лойиқ.

Семинар-тренингда олинган билимлар иштирокчиларга янги методология асосида Миллий ҳисоботни тайёрлашда DPSIR схемасини қўллаш ва келгусида бундай таҳлилий материалларни мунтазам равишда тайёрлашда ёрдам беради.

– Бундан ташқари, янги Миллий маъруза ва атроф-муҳит ҳолати тўғрисида келгусида мунтазам тайёрланиб бориладиган ҳисоботлар миллий ривожланишни режалаштириш, шунингдек стратегияларни, жумладан Ўзбекистоннинг ривожланиш бўйича ҳамкорлари ва Ўзбекистондаги БМТ тизими томонидан ишлаб чиқилган стратегияларни, масалан ҳар йилги умумий мамлакатлардаги баҳолашлари ва БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик дастурларига

интеграциялашуви орқали, ривожлантириш учун маълумотлар манбаи бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда, – деди ЮНЕПнинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбари Айдай Курманова.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг