Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 18/02/2019 АҚШдаги манфаатли учрашувлар
АҚШдаги манфаатли учрашувлар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан АҚШда бўлди. Делегация таркибидан, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдурахмонов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Лазиз Қудратов ва Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Саидкамол Ходжаевлар ўрин олишган.

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси берган маълумотларига кўра, ташриф доирасида Миссисипи штати вакиллари билан қишлоқ хўжалиги ва инновацион технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида бир қатор битимлар имзоланди. Миссисипи губернатори Фил Брайант билан бўлиб ўтган учрашув чоғида томонлар  қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш, ўрмон хўжалиги, паррандачилик ва таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилишди. Айтиш керак, Миссисипи қишлоқ хўжалиги соҳасида АҚШда етаки ўринларни эгаллайди, ушбу штатда 36 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. 2018 йил якунларига кўра, ҳудуднинг ялпи миллий маҳсулоти ҳажми 113 млрд долларни ташкил этди.

Бундан ташқари, делегациямиз штатнинг расмий ва бизнес доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ўтказди. Унинг якунлари бўйича эса Миссисипини ривожлантириш  маъмурияти ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Ўзбекистон Инновацион ривожланиш  вазирлигининг Илғор технологиялар маркази ҳамда  «Innovate Mississippi» инновациялар Ассоциацияси вакиллари эса илм-фан ва технологиялар соҳасида стартап-лойиҳаларни ривожлантириш, ўқув курслари ва тренингларни ташкил этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиши тўғрисида келишиб олдилар. 

Штат губернатори Фил Брайант келаси йилнинг апрель ойининг бошларида Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилмоқда. Америкаликлар делегацияси таркибидан  Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги, саноат, нефть-кимё ва машинасозлик соҳаларида шерикликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирган Мисссипи штати етакчи компанияларининг вакиллари жой олиши кутилмоқда.   

Миссисипи штатининг қишлоқ хўжалиги ва савдо бўйича комиссари Энди Гибсон билан учрашув давомида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Миссисипи штатининг Қишлоқ хўжалиги ва савдо департаменти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Силверлиф компаниясининг вице-президенти Мартин Уолкер, ўз навбатида, штатнинг фермер хўжаликлари ассоциацияси аъзоларини очилиб бораётган Ўзбекистон бозорининг имкониятларидан фойдаланишга чақирди. Маълумот ўрнида айтиш керак, Силверлиф компанияси Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги кластерини яратиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. «Valmont Industries» компаниясининг вице-президент билан бўлиб ўтган учрашувда эса томонлар Тошкент вилоятидаги 100 гектаргача майдонда томчилаб суғориш  бўйича синов лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишувга эришишди. Бундан ташқари, Американинг энг йирик паррандачилик компанияларидан бири саналган «Sandersan Farms» Ўзбекистондаги мутахассислар учун тренингларни ўтказишга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, ташриф доирасида Тошкент давлат аграр университети ректори АҚШнинг шу соҳага ихтисослашган бир қатор олийгоҳлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Унда университетлараро ҳамкорлик йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг