Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 19/11/2024 АҚШда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони 11,9% га ошди

АҚШда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони 11,9% га ошди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро талабалар жойлашуви бўйича кенг қамровли ресурс ҳисобланган “Open Doors” ташкилоти ҳисоботига кўра, 2023/2024-ўқув йилида Америка Қўшма Штатларидаги халқаро талабалар сони 1,1 миллион (1 126 690) дан кўпроқни ташкил қилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 7% га кўпдир. Бундай ўсишга ўзбекистонлик талабалар ҳам салмоқли ҳисса қўшдилар, яъни АҚШда ўқишга кирган ўзбекистонлик талабалар сони 11,9% га ошиб, 1089 нафардан 1219 нафарга кўтарилди.

Ушбу муваффақиятни нишонлаш ва таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳамда Наманган ва Қаршидаги “EducationUSA” маслаҳатчилари 18-22-ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро таълим ҳафталигида иштирок этадилар.

Ҳафта давомида АҚШ элчихонаси ва “EducationUSA” маслаҳатчилари ўзбекистонлик талабаларни АҚШ таълимини олишга руҳлантириб, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш учун турли фойдали тадбирлар ўтказадилар.

Тошкентдаги элчихонада жойлашган “EducationUSA” маслаҳат маркази ҳамда Наманган ва Қаршидаги “Америcан Спаcес” АҚШда ўқиш ҳақида аниқ ва кенг қамровли маълумотларни тақдим этишда муҳим рол ўйнайди. Улар талабаларга ариза бериш жараёнининг ҳар бир босқичида манбалар ва йўл-йўриқлар таклиф қилади, бу эса уларнинг АҚШ коллежлари ва университетларида имкониятлардан фойдаланишга яхши тайёргарлик кўришларини таъминлайди.

Таълим ҳафталиги доирасида элчихонада АҚШ ҳукумати алмашинув дастурлари бўйича ҳам сессиялар ўтказилади, унда Америка Қўшма Штатларида ўқиш ҳақидаги шахсий тажрибалари билан ўртоқлашадиган таниқли маърузачилардан иборат битирувчилар гуруҳи иштирок этади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник икки халқ ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашда таълим муҳимлигини таъкидлар экан, шундай деди: “Таълим Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро тушуниш ва дўстлик кўприкларини барпо этишимизда керак бўладиган энг кучли воситалардан биридир. АҚШ таълим муассасаларида ўзбек талабалари сонининг ортиб бораётгани уларнинг академик юксакликка интилиши ва олган билимларидан ўз жамиятлари ривожига ҳисса қўшишда фойдалниш истагини билдиради”.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг