Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлигида АҚШнинг зангламайдиган металл саноат ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи "Paul Mueller Company" вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида, "Paul Mueller Company" компанияси, Ўзбекистоннинг сут саноати ва стратегик минтақавий мавқеини инобатга олган ҳолда, мамлакатни фаолият учун потенциал база сифатида кўришини таъкидлади.
Компания, сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишлаш компаниялари билан учрашувлар ўтказиб, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва сутчиликда фойдаланиладиган техникаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилган.
"Paul Mueller Company" 1940 йилда АҚШнинг Миссури штатининг Спрингфиэлд шаҳрида ташкил этилган бўлиб, ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларини Осcеола, Аёва, Гроэнло, Нидерландия ва Ветнамда олиб бормоқда.
Ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистон сут саноатини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш йўлларини белгилашдир. Бу, шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг устувор вазифаларига мос келади.
Учрашув давомида, Ўзбекистоннинг сут ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш салоҳияти тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Якунида сутчилик ва мева-сабзавотчилик соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.