Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 05/02/2018 АҚШ делегацияси Урганчда E-SUD электрон судлов ахборот тизимида ишлаш тартиби билан яқиндан танишди
АҚШ делегацияси Урганчда E-SUD электрон судлов ахборот тизимида ишлаш тартиби билан яқиндан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий миссияси директори ўринбосари Сара Уолтер бошчилигидаги АҚШ делегацияси Хоразм вилояти фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига ташриф буюриб, E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими фаолияти билан яқиндан танишишди.

E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида 2013 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, суд тизими шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга нисбатан ишончини мустаҳкамлашдан иборат. Мазкур тизим 2017 йил октябрь ойидан буён республикамизнинг барча 75 та фуқаролик ишлари бўйича судларида самарали ишламоқда.

Чет эллик меҳмонлар фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судида дастлаб суд девонхонасида E-SUD тизимининг биринчи инстанциясига оид қисмини, шу жумладан судга келиб тушган ариза ва даъво аризаларини автоматик тарзда рўйхатга олиниши, масъул судьяларга тақсимланиши, судьялар томонидан тайинланиши, уларни кўриш натижаси бўйича чиқарилган суд ҳужжатларининг тарафларга юборилиши, ишларни кўриш билан боғлиқ статистик маълумотларнинг шакллантирилиши каби электрон тарзда амалга ошириладиган процессуал ҳаркатлар билан яқиндан танишишди.

Хорижлик делегация вакилларига тизимнинг ривожланиш босқичлари ва ҳозирги ҳолати, эришилган ижобий натижалар, янги модул ва хизматларни яратиш ҳамда E-SUD тизимини бошқа ахборот ресурслари билан боғлаш бўйича режалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Шу билан бирга, мазкур миллий электрон судлов ахборот тизимининг афзалликлари ва қулайликлари тўғрисида алоҳида тўхталиб, уни жорий этиш орқали суд ишларини кўришга сарфланадиган вақт деярли икки баробарга қисқарганлиги, хизмат кўрсатиш самарадорлиги ошганлиги, моддий ресурсларнинг тежалаши тахминан 70 фоизни ташкил қилганлиги, суд фаолиятига оид турли маълумотларни аниқлаш сезиларли даражада осонлашганлиги ва уларнинг ишончлиги ошганлиги таъкидлаб ўтилди.

Айтиш жоизки, Хоразм вилоятининг барча фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларига 2017 октябрь ойидан буён 6759 та ариза ва даъво аризалари электрон шаклда келиб тушган бўлиб, улардан 68 фоизи қаноатлантирилган. Эътиборлиси, жами тушган аризаларнинг 2000 тага яқини жисмоний шахслар томонидан юборилган.

Тадбир доирасида иштирокчиларга лойиҳа доирасида тайёрланган “Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш тартиби”, “Меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар”, “Оила ва никоҳ муносабатларидан келиб чиқувчи низолар бўйича суд амалиёти”, “Суднинг ҳал қилув қарорини тузиш бўйича амалий қўлланма”, “Ворислик ҳуқуқи” ва “Фуқаролик ишлари бўйича судларда экспертиза тайинлаш хусусиятлари” каби китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг