Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 22/06/2016 “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўли очилди
“Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўли очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 22-июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ довони орқали қурилган туннелни расман очиб беришди.

Икки давлат раҳбарлари Ангрен-Поп электирлаштирилган темир йўлида дастлабки ҳаракатланадиган битта электровоз ва 4 та йўловчи вагондан иборат “O‘zbekiston” поездининг “Қамчиқ” темир йўл туннелидан ўтишига рухсат берувчи светофорни ёқиш учун махсус тугмани босди.

Дастлабки поезд узунлиги 19,2 километрлик ер ости йўлини 16 дақиқаю 30 сонияда босиб ўтди. Шундан сўнг, “China Railway Tunnel Group” компанияси раиси Юй Баолин ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Очилбой Раматов “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўлнинг фойдаланишга топширишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, "Ангрен – Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясининг узунлиги 123,1 км.ни ташкил этади (19,2 км. туннели билан).

“Ангрен – Поп” электрлаштирилган темир йўли Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг қолган ҳудудлари билан боғлаб, юртимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратиш борасидаги режаларни тўлиқ амалга оширишга замин яратди. Таҳлилларга кўра ушбу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши йилига 10 млн.тонна халқ хўжалиги юкларини ташиш, дастлабки йилда эса 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкони яратади.

Шу билан бирга “Хитой – Марказий Осиё – Европа” янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётини бунданда ривожлантиришга хизмат қилади.

Мазкур улкан қурилишни амалга ошириш мақсадида жами 1 миллиард 633,7 млн. долларлик маблағ ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда туннелдан ташқари ишларни амалга ошириш учун жами 810 млн. АҚШ доларлик маблағ ўзлаштирилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан Хитой Халқ Республикасининг “China Railway Tunnel Group” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган туннел қурилишига йўналтирилган 455 млн. долларлик маблағ тўлиқ ўзлаштирилди. Мазкур туннел, дунё рейтингида шу каби туннеллар рўйхатида мураккаблиги бўйича саккизинчи ўринни эгаллайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг