Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Технологиялар 04/12/2017 АКТ вазирлигида Белоруссия ЮТП асосчиси билан учрашув бўлиб ўтди
АКТ вазирлигида Белоруссия ЮТП асосчиси билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Белоруссия Юқори технологиялар парки асосчиси Валерий Цепкало билан учрашув бўлиб ўтди.

Валерий Цепкало мамлакатимизда юқори технологияларга асосланган иқтисодиётнинг ўсиш суръати, жумладан дастурий таъминот ишлаб чиқаришга мўлжалланган, яқинда ташкил қилинган “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрган.

Айтиш жоизки, инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази фаолиятини ташкил қилишда Белоруссия Юқори технологиялар парки тажрибаси яқиндан ўрганилган. Мазкур мажмуа бугунги кунда Беларуссия Республикасини дастур ишлаб чиқаришда жаҳоннинг етакчи мамлакатларидан бирига айланишида муҳим аҳамият касб этган.

Учрашувда компьютер дастурлари ишлаб чиқариш, етакчи компаниялар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, Ўзбекистондаги АКТ га ихтисослашган университетлар қошида мутахассислар тайёрлаш бўйича АКТ-лабораториялар ташкил қилишда ҳамкорлик ўрнатиш режалари муҳокама қилинди.

Музокараларда томонлар дастурий таъминот саноати ҳамда ахборот технологиялари соҳасида тажриба алмашув кўламини кенгайтириш, миллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компаниялар фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилувчи АКТ-паркларни ва механизмларни ривожлантириш, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини оширишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 апрелдаги фармони билан ташкил этилган “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази резидентлари Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида туриб ишлашлари мумкин ҳамда қатор солиқ ва божхона имтиёзларига эгалар. Бугунги кунда уларнинг сони 147 тага етган.

Эслатиб ўтамиз, Инновация маркази аъзолари 2028 йилнинг 1 январига қадар солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинган. Уларда фаолият олиб бораётган ходимлар даромадларидан белгиланган миқдорда, яъни 7,5% солиқ, шунингдек 4,5% Нафақа жамғармаси учун суғурта тўловини тўлайдилар.

Белоруссия Юқори технологиялар паркига 2005 йилда асос солинган. Унинг бош мақсади дастурий таъминот ва ахборот технологиялари ишлаб чиқарувчиларига мақбул шароит яратишдан иборат. Бугунги кунда унга 173 компания аъзо бўлган. Улар 2020 йилга қадар солиқлардан озод қилинган. Бу ерда фаолият олиб бораётган ходимлар даромадларидан 9% ини солиққа тўлайдилар. Мазкур компаниялар ишлаб чиқарган 91,5% маҳсулотлар экспорт қилинади. Улар яратган мобил иловалардан айни пайтда 193 мамлакатда, 900 миллион нафар одам фойдаланади. Ушбу компаниялар жаҳоннинг 66 та йирик компаниялари билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйганлар. 2016 йилда Белоруссия Юқори технологиялар парки 820,6 млн долларлик маҳсулот ва хизматларни экспорт қилган. Бу мамлакатнинг йиллик экспортининг 12% ини ташкил қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг