Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 20/04/2023 Акмал Саидов қийноқларнинг олдини олишга бағишланган халқаро конференцияда қатнашди
Акмал Саидов қийноқларнинг олдини олишга бағишланган халқаро конференцияда қатнашди

20 апрель куни Алмати шаҳрида "Қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олиш: халқаро ва европача стандартлар ҳамда илғор тажриба" мавзусида халқаро конференция бўлди. Анжуман Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг "Марказий Осиёда қонун устуворлиги: 2020-2023" дастури доирасида ташкил этилди.

“Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастури минтақамиз давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Дастур Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократияни Европа андозалари ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда мустаҳкамлашга қаратилган. 

Дастур учта асосий қисмдан иборат. Яъни, биринчи қисм – Европа билан Марказий Осиё ўртасида умумий ҳуқуқий макон яратилишига ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилишига кўмаклашиш; иккинчи қисм – шаффофликни ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашни рағбатлантириш; учинчи қисм – давлат институтлари ва давлат органларининг самарали фаолият олиб боришига ёрдам беришни кўзда тутади.

Халқаро конференция Европа Кенгаши томонидан ташкил этилди. Тадбир Қозоғистон Республикасининг Бош прокуратураси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) офиси ва Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия ҳамкорлигида ўтказилди. 

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси, генерал Игорь Рогов, Қозоғистон Республикаси Бош прокурори Берик Асилов, Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Артур Ластаев, Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси Асламбек Мергалиев, шунингдек, Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас, Европа Кенгашининг Ҳамкорлик дастурларини мувофиқлаштириш бўйича директори Клаус Нойкирх анжуман очилишида сўзга чиқдилар.

Халқаро конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов фахрий меҳмон сифатида иштирок этди ва сўзга чиқди.

Иштирокчилар шафқатсиз муомала ва қийноқларни тақиқлаш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда ҳам, бутун дунё миллий қонунчилигида ҳам эътироф этилган асосий ҳуқуқ эканини таъкидладилар. Марказий Осиёнинг барча давлатлари Конституцияларида ҳар қандай шароитда, истисноларсиз равишда қийноқ ва шафқатсиз муносабатни қўллаш тақиқланган.

Хорижий ва миллий экспертларга Ўзбекистонда кутилаётган муҳим сиёсий воқеа – 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум ҳақида маълумот берилди. Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда қонунийлик, адолат ва инсонпарварлик каби умумэътироф этилган тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш катта аҳамиятга эгалиги таъкидланди. 

Янгиланаётган Конституция лойиҳаси қоидалари мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, ҳокимият органлари билан муносабатларини сезиларли даражада кенгайтиради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 26-моддасида қийноқлар, зўравонлик, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи бошқа турдаги муомала ва жазолар тақиқланмоқда.

Экспертларнинг қайд этишича, бундай салбий ҳолатларга нисбатан энг юқори даражадаги муросасизликни таъминлаш зарур. Бу борада, шунингдек, самарали норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш, жумладан, ҳуқуқбузарликларни самарадорлик билан тергов қилишни таъминлаш билан бирга, самарали ўқитиш тизими ва жабрланувчиларга компенсация тўлаш тартиб-қоидаларини ҳам жорий этиш талаб этилади. Буларнинг барчаси қийноқларнинг олдини олиш билан боғлиқ барқарор ва узоқ муддатли жараёнга тегишли асосий таркибий қисмлар ҳисобланади. 

Анжуман давомида шафқатсиз муомала ва қийноқ ҳолатларини тергов қилиш билан боғлиқ асосий масалалар муҳокама қилинди. Ушбу муаммони ҳал этишда турли давлат органларининг роли хусусида атрофлича сўз юритилди.

Халқаро конференция кун тартиби доирасида:

• ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қўпол муомаласи учун жавобгарликни кучайтириш;

• самарали терговга тўсқинлик қилувчи асосий омиллар ва уни такомиллаштириш йўллари: прокурорлар ва/ёки тергов органларининг роли;

• суд ҳокимиятининг роли: илғор тажриба ва олға силжиш йўллари;

• инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтларининг роли;

• ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида институционал маданиятни ва ноль бағрикенглик ғоясини, ҳуқуқий-нрматив базани кучайтириш;

• огоҳликни ошириш ва ўрганиш: илғор тажрибалар ва такомиллаштириш йўллари каби мавзулар кенг миқёсда кўриб чиқилди.

Конференция ишида прокуратура ва суд органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Миллий профилактика механизмлари аъзолари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, халқаро экспертлар иштирок этди.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг