Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 19/09/2023 “Air Products” Ўзбекистондаги юқори технологик лойиҳаларга 10 миллиард долларлик инвестиция киритади
“Air Products” Ўзбекистондаги юқори технологик лойиҳаларга 10 миллиард долларлик инвестиция киритади

“Air Products” Ўзбекистондаги юқори технологик лойиҳаларга 10 миллиард долларлик инвестиция киритади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига амалий ташриф доирасидаги ишбилармонлик тадбирлари давомида “Air Products” компанияси бошқаруви раиси, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми билан учрашув ўтказди.

Учрашувда АҚШ Давлат котибининг энергетика масалалари бўйича ўринбосари Жеффри Пайетт ҳам иштирок этди.

АҚШнинг етакчи компанияси билан стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари, жорий лойиҳаларнинг бориши ва истиқболга мўлжалланган аниқ режалар кўриб чиқилди.

Бугунги кунда юртимизда “Air Products” томонидан “Uzbekistan GTL”да саноат газларини қайта ишлаш, “Навоийазот” негизида синтез-газ, кислород ва азот, суюлтирилган карбонат ангидрид ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Кейинги икки йилда ушбу лойиҳаларнинг давоми сифатида компаниянинг 1 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялари жалб қилинди.

Суҳбатда кўмирни газлаштириш, техник газлар, водород ва аммоний ишлаб чиқариш ҳамда аччиқ газларни утилизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.

“Air Products” экспертлари карбонсизлаштириш соҳасида зарур норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда ҳам қатнашади.

Бундан ташқари, лойиҳалар портфелидан озиқ-овқат саноатига инновацион ишланмаларни жорий қилиш ўрин олган.

Учрашув якунида “Air Products” компаниясининг Ўзбекистон учун қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган янги инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича келишувлар алмашилди.

Ўзбекистон-АҚШ кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси ва мамлакатимиздаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Air Products” бошқаруви раиси Сейфи Гасемига шахсан юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг