Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўнгги йилларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида қамров даражасини ошириш ва шу тариқа аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнги саккиз йилда соҳани яхшилашга 27,5 триллион сўм (бюджетдан – 16,5 трлн сўм, ХМИдан - 1 млрд. долл.) ажратилди.
Ушбу маблағлар ҳисобига 3 627 та иншоотлар ва 40,6 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилди.
Натижада, 789та маҳалладаги 4,9 миллион аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, яна 11,5 миллион аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 1,1 миллион аҳоли оқова сув тизимларига уланди.
Бунинг эвазига ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 63 фоиздан 80,9 фоизга, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси 17,2 фоиздан 20,5 фоизга етказилди.
Хусусан, йирик лойиҳалардан:
“Тўпаланг” сув омбори манбалари ҳисобига ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида 1,4 трлн сўм ҳисобига 147 км тармоқ тортилиб, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларида истиқомат қилувчи 141 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти ва сифати тубдан яхшиланди.
“Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятини ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 286 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.
“Оқсув-Деҳқонобод” лойиҳасини амалга оширилиши натижасида, Деҳқонобод туманда яшовчи 76 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, туманинг таъминланиш даржаси 1,8 фоиздан, 51,7 фоизга кўтарилди.
“Тошкент вилояти шаҳар ва туманларининг ичимлик сув тизимларини реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманларида аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича “Қодирья” сув иншооти реконструкция қилинди. Натижада ҳудуддаги 8 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 265 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшиланди.
“Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларини ичимлик суви билан таъминлаш” лойиҳаси доирасида Олот туманидаги 104 минг нафар ҳамда Қоракўл туманидаги 171 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, таъминланганлик даражаси Олот туманида 98,5 фоизга ва Қоракўл тумани 97,4 фоизга етказилди.
Шунингдек, сув таъминоти корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан сув иншоотлари, магистрал сув тармоқлари, маҳалла ва кўча бошларига 4,5 минг та замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилди.
- 945 та махсус техникалар жорий ва мукаммал таъмирланиб, 1 038 тасига масофадан кузатиш имконини берувчи GPS қурилмалари ўрнатилди.
- Истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ва шаффофлигини ошириш мақсадида, ичимлик ва оқова сув хизматларини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган "Uzwater" ягона биллинг тизими ишга туширилди.
Янги биллинг тизими орқали ҳисоб-китобларнинг хаққонийлиги ва шаффофлиги таъминланди. (олдинги даврларда 5 хил биллинг юритилган)
Ушбу биллинг тизими барча зарур маълумотлар базалари (Кадастр, ИИВ, Нотариал идоралар, Солиқ, Марказий банк, Тижорат банклари, барча тўлов тизимлари, Рақобатга қарши курашиш, Бош прокуратура, Рақамли Тошкент, давлат реестридан ўтган сув ҳисоблагичлари ишлаб чиқарувчилари) билан интеграция қилинган.
Бундан ташқари, истеъмолчилар учун такомиллаштирилган шахсий кабинет жорий этилиб, у орқали истеъмолчилар тўловлар ҳисоботини (ойлар, йиллар) кесимида кўриб бориши, шу ерни ўзида тўловни амалга ошириши ва ҳисоблагичлар маълумотларини киритиши имкони яратилди.
- Объектларининг геоахборот базасини шакллантириш бўйича ҳудудий сув таъминоти корхоналари билан маълумотлар алмашинуви схемаси ишлаб чиқилди.
Бунинг учун Кадастр агентлигидан тегишли лицензия олинди. Объектларининг геоахборот тизимини яратиш ва юритиш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан тақдим қилинган нуқтали ва чизиқли объектлар вектор форматидаги ягона географик қатламга жамланди.
Бугунгача, Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Нурафшон ва Оҳангарон шаҳарларида тўлиқ, Сирдарё вилоятининг Гулистон ва Янгиер шаҳарларида қисман геоахборот тизимлари базаси яратилди.
Ҳозирда бу йўналишда ишлар Наманган ва Хоразм вилоятларида хам бошланган.
- Тизимларни режалаштирилган эҳтиёт кўрикдан ўтказиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш (ППО, ППР) дастурлари регламентини рақамлаштириш бўйича ишлар бошланди.
Бугунгача, Республикадаги 38 та йирик сув иншоотлари рақамлаштирилди.
- Халқаро ISO-45001:2018 (Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизликни бошқариш тизими) ва ISO-14001:2015 (Атроф-муҳитни бошқариш тизими) сертификатлари олинди.
- Сув сифати ва хавфсизлиги мониторинги учун “WATER LAB” ахборот тизими жорий этилиб, тестдан ўтмоқда. Бунда республика бўйлаб ичимлик сув сифатини назорат қилиш имконияти сезиларли даражада кенгайтирилади. Бунинг учун мавжуд лабораториялар тўлиқ рақамлаштирилиб, ҳисоботлари электрон тарзда юритилади.
- Тошкент шаҳридаги сув таъминоти тизимининг масофавий объектлари учун мониторинг ва диспетчерлик бошқарув тизими (SCADA) жорий этилган бўлиб, ушбу дастур насос ускуналари белгиланган алгоритмларга мувофиқ масофадан бошқариш, сув иншоотларининг таъминот қувурларидаги босим ва сув оқими тўғрисидаги маълумотларни диспетчерлик марказига узатиш имкониятини беради.
Ушбу дастурий тизим бугунги кунда қурилиш босқичида бўлган янги лойиҳаларда ҳам назарда тутилмоқда.
Қодирия сув тозалаш иншооти, Бухоро оқова сув тозалаш иншооти ҳамда Жиззах вилоятининг Узунбулоқ сув тозалаш иншоотларида SCADA тизими йулга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида куни кеча ўтказилган йиғилишдан сўнг келгусида олдимизга бир қатор долзарб вазифаларни белгилаб олдик.
Биринчидан, Давлатимиз раҳбарининг Францияга амалга оширилган тарихий ташриф давомида ичимлик суви таъминоти йўналишида эришилган қўшма лойиҳалар доирасида:
“СУЭЗ” компанияси билан, “Сурхондарё вилоятида ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида Денов, Сариосиё, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларида сув таъминотини яхшилаш бўйича СУЭЗ компанияси мутахассислари амалий ишларни бошлайди.
Жумладан, ушбу босқичда СУЭЗ компанияси томонидан қайд этилган туманларда SCADA тизими жорий этилади
ва 3 500 км тармоқларнинг GIS харитаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, оқимни назорат қилувчи 15 та ускуна, сув иншоотларга 8 та йирик ва истеъмолчиларга 3 100 та ҳисоблагичлар ўрнатилади. Бундан ташқари, 450 нафар маҳаллий сув таъминоти ходимлари СУЭЗ компанияси томонидан ўқитилади ва тармоқларни кенгайтириш бўйича 2-босқичда бажариладиган ишларнинг техник-иқтисодий асоси (ТИА) ишлаб чиқилади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асос бўйича “Свисс челлендж” (тендер) ўтказилиб, хорижий ҳамкор танлаб олинади ва 20 йилга ДХШ шартномаси асосида тармоқларни кенгайтириш ишлари бошланади.
Натижада, ичимлик сув таъминоти хусусий шерикка тўлиқ бошқарувга берилиб, аҳолининг тоза сув таъминланганлик даражаси 90 фоизга етказилади.
Иккинчидан, 2025 йилда жами 7 триллион сўм (бюджетдан – 1,1 трлн сўм, ХМИдан – 454 млн долл.) маблағлар ўзлаштирилади.
Бунинг ҳисобига 23 та ичимлик ва оқова сув иншооти, 139 та сув тарқатиш ва сув кўтариш иншооти, 2 140 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари ишга туширилиб, 225 минг та сув ҳисоблагичлар ўрнатилади.
Натижада, 712 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади ва 135 минг хонадон оқова сув тизимига уланади.
Бунинг эвазига ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 82,8 фоизга (80,9 фоиз), оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражаси 22,3 фоизга (20,5 фоиз) етказилади.
Учинчидан, Соҳани рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратганмиз.
Жумладан, Давлат раҳбари томонидан февраль ойида имзолаб берган Осиё тараққиёт банки иштирокидаги 125 миллион долларлик “Иқлим технологиялари орқали сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида 2025-2029 йилларда қуйидаги ишларни амалга оширамиз:
• сув иншоотларига 4 838 та ультратовушли ҳисоблагич ва 2 861 та масофадан маълумот узатиш ускунаси ўрнатамиз;
• 80 минг км га яқин ичимлик ва оқова сув тармоқлари ва 12,7 минг та иншоотнинг геоахборот тизимини (ГИС) жорий қиламиз;
• 15 та маълумотларни бошқариш марказини (data center) ташкил этамиз.
Бу орқали республикадаягона ситуацион марказ ва ҳудудлардамаълумотлар марказлари очилади, ичимлик суви аниқ ҳисоб-китоби ва авариялар назорати тўлиқ йўлга қўйилади.
Сувнинг техник йўқотишлари аниқ ўлчанади ва йўқотиш даражаси умумий ҳисобда 5 фоизга қисқартирилади (28 фоиздан
23 фоизга).
Биз бу лойиҳани 2029 йилгача чузиб утирмаймиз ва 2028 йилда тугатишни режалаштирганмиз.
Шу билан бирга, “Элтехсаноат” уюшмаси билан ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш юзасидан ишлар олиб борилади.
Тўртинчидан, Бирлашган Араб Амирликларининг Энвирол компанияси билан музокаралар ўтказилиб, мамлакатимизда ёғларни қайта ишлаш ва ундан хўжалик моллари ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилди.
Келишувга кўра, Энвирол компанияси томонидан 50 миллион доллар инвестиция киритилиши эвазига Тошкент шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларида ёғ тутгич ускуналари ўрнатилади ва уларда йиғилган чиқинди ёғлар тўпланган
ҳолда лойиҳа доирасида қуриладиган янги қайта ишлаш корхонасига йўналтирилади. Қайта ишлаш корхонасида ушбу чиқинди ёғлардан кир совун ва ёқилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқарилади.
Натижада, оқова сув тизимларининг хизмат муддатлари узайиб, иншоотлардаги қўшимча юкламалар бартараф этилади ва чиқинди ёғларни қайта ишлаш орқали экологик хавфсиз тизим яратилади.