Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 14/11/2016 Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш - устувор вазифамиз!
Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш - устувор вазифамиз!
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар режаси ўз ифодасини топган.

Хусусан, мамлакат аҳолисини арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш, тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларнинг асоссиз равишда тайинланиши, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймаслик ва давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилишини йўлга қўйиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинган.

Маълумки, Ўзбекистонда ташкил этилган фармацевтика саноати муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ва жадал ривожланмоқда. Хусусан, мамлакатимиздаги 132 фармацевтика корхонаси томонидан 2 минг турдан ортиқ дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш бўйича халқаро нормалар ва ривожланган давлатлар қонунчилигига мослаштирилган қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Ўзбекистонда 2021 йилгача янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир умумий қиймати 223,9 миллион долларга тенг 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ушбу ҳудудий лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган 162 та янги дори воситаларини мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва уларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини беради.

Яқинда давлат раҳбарининг қарори билан 2017-йилнинг 1-январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланмоқда.

Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этиладиган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади.

Ушбу қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши ички бозорни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ таъминлаш, нарх белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори воситаларини тавсия этиш бўйича номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолларга йўл қўймаслик имконини беради.

Халқимизда “Дард дармон билан тарқалади”, деган ҳикматли нақл бор. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли, самараси юқори ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодига овоз беришга чақирамиз.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг