Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 05/06/2024 Адлия вазирлиги: манфаатлар тўқнашувини олдини олишга қаратилган Қонун қабул қилинди
Адлия вазирлиги: манфаатлар тўқнашувини олдини олишга қаратилган Қонун қабул қилинди

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида яна бир янгилик. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва тартибга солиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Мазкур Қонун манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тўғридан тўғри тартибга солишга қаратилган. 

Қонунда қуйидагилар белгиланган:

манфаатдорликка йўл қўймаслик, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш, шахсий манфаатларини кўзлаб бошқаларни ҳаракат (ҳаракатсизликка) мажбурламаслик бўйича ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

Бунда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ходимлар томонидан ошкор этиш икки шаклда, яъни мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома бериш ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация тўлдириш орқали амалга оширилади.

ходимга алоқадор шахслар давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича декларация тўлдириш мажбуриятлари белгиланди.

Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни давлат томонидан тартибга солишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланди.

Ўз навбатида, давлат ташкилотлари, уларнинг одоб-ахлоқ комиссиялари, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва кадрлар билан ишлаш бўлинмалари манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда ички назорат вазифаларини амалга оширади.

Манфаатлар тўқнашувини бир қатор ахборот манбааларидан аниқлаш йўли билан амалга ошириш белгиланди. Мисол учун: тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан; “Ягона миллий меҳнат тизими” Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан ва бошқалар.

Манфаатлар тўқнашуви вазиятларини тартибга солиш бўйича бир қатор чоралар белгиланди. Мисол учун, коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш чораларини кўриш орқали манфаатлар тўқаншувининг олди олинади.

Давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри юритилади. Унда хабар берилган, аниқланган ҳамда тартибга солинган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бермаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима белгиланди.
 
Агарда ушбу хатти-ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этиладиган бўлса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима қўлланилишига сабаб бўлади.

Шунингдек, мансабдор шахслар томонидан мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Агарда ушбу хатти-ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этиладиган бўлса, ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима қўлланилишига сабаб бўлади.

Бунда маъмурий баённома расмийлаштириш билан боғлиқ вазифалар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, коррупция ва манфаатлар тўқнашувига йўл қуйилган ҳолда тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади ҳамда битим бўйича барча олинган фойда давлат даромадига ўтказилади.

Қонун қабул қилинган кундан 6 ой ўтгач кучга киради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг