Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 21/04/2017 Абдулазиз Комилов Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби билан учрашди
Абдулазиз Комилов Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 20 апрель куни Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Томонлар ўзаро ҳамкорлик тарихидаги муҳим сана – мамлакатларимизда 22 апрель куни нишонланадиган Ўзбекистон билан Ўмон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги билан бир-бирини табрикладилар.

Мулоқот чоғида барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани, бунинг учун зарур салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Бу масалалар Ўмоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва тез орада Маскат шаҳрида очиладиган Ўзбекистон элчихонаси фаолиятининг асоси бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Ўмон молиявий ва консультатив кўмаги асосида қурилиб, жиҳозланаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биноси маданий-гуманитар соҳадаги самарали алоқаларнинг ёрқин намунаси экани қайд этилди.

Халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни Ўзбекистон – Ўмон вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Унда мамлакатларимиз ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, томонларни қизиқтирган кўплаб масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт коридори механизмларининг ишга туширилиши нуқтаи назаридан транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Ўмон делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг