Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 19/01/2023 А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ходимлари Финландияда малака оширмоқда
А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ходимлари Финландияда малака оширмоқда

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги ПҚ–4963 сон қарорида халқ таълими ходимларининг хориж мамлакатларда малакасини ошириш белгиланган эди. 

Бугунги кунда мамлакатнинг мактаб таълимини ривожлантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги, А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан таълим сифати юқори бўлган қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Куни кеча юқоридаги қарорга мувофиқ, институт ходимлари Финландияга етиб борди.

Финландия давлат таълим тизими билан яқиндан танишиб, мактаб бошқарув соҳасида директорларни лавозимига тайинлаш, уларни малакасини ошириш, мактаб бошқарувида медианинг ролини аниқлаш борасида янги билим кўникмаларга эга бўлмоқдалар.

Шунингдек, мактабларда маркетинг қандай олиб борилишини, STEM фанларни ташкил этишда Финландия мактаблари тажрибасини ҳамда мактаблар, ўқитувчилар ва ўқувчиларни баҳолаш тизимларини ўрганмоқдалар.

Биринчи кундан ходимлар Muurame даги тадбиркорликка ихтисослаштирилган юқори мактабда бўлиб, мактаб фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ушбу мактаб директори Aki Puustinen. Мактабда 235 нафар ўқувчи, 20 нафар ўқитувчи 1 нафар куратор (директор ўринбосари), 1 нафар ҳамшира ва 1 нафар психолог фаолият юритади. 

Бу мактабда 9-синфни тамомлаган ўқувчилар 3 йил давомида (10-синфдан 12-синфга қадар) тадбиркорликка йўналтирилган ва мактаб томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури асосида таҳсил олишади.

Мактаб қошида 2003 йилда ўқувчилар томонидан бошқариладиган “Kisalli” тадбиркорлик фирмаси ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти ўқувчиларни тадбиркорликка оид реал ҳаётий тажрибалар асосида уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, уларга тадбиркорлик этикасини ўргатиш ва ижтимоий фаолиятлар жалб этиш орқали касбларга йўналтиришдан иборат.

Мактабда барча ўқувчилар учун бепул тушлик берилади. Мослашувчанлик, масъулиятлилик, креативлик, жасурлик асосий қадриятлар ҳисобланади. Ўқувчилар, ўқитувчилар ва раҳбарият ўртасидаги ўзаро муносабат тенглик тамойилига асосланган.

Ҳар бир дарс 90 дақиқа давом этиб, 45 дақиқадан сўнг 5 дақиқалик танаффус берилади ва бунда ўқувчилар кўпроқ жисмоний ҳаракатларни бажарадилар.

Дарсларда муаммога асосланган таълим (problem-based learning) методикаси кенг қўлланилиб, ўқувчилар 7 кишидан иборат кичик гуруҳларда ўқитувчи томонидан тақдим этилган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилишади ва ўз ечимларини лойиҳа тарзида тақдим этишади.

Ушбу лойиҳалар ичидан энг саралари мактаб қошидаги "Kisalli" фирмаси орқали етакчи ташкилотларга тақдим этилади ҳамда молиялаштирилади.

Шунингдек, ташриф сўнгида ходимлар ўзларининг тадқиқот мавзулари юзасидан мактаб директори Аки Пуустинендан интервью оладилар. 

Фин методикасининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ўқитувчилар муаммонинг тўғри ечимини кўрсатгандан кўра уларга тўғри жавобга етакловчи саволлар беради. Бу орқали эса ўқувчилар танқидий фикрлашга ўргатилади.

Фин мактабларининг ҳар бир бурчагида ўқувчилар таълим олиши, биргаликда машқларни бажариши ҳамда бўш вақтларини турли видео ўйинлар ўйнаш орқали янги билимларни эгаллашлари (edutainment, education – таълим, entertainment – кўнгилочар машғулотлар) учун имкониятлар яратилган. 

Финландияда ҳар бир ўқитувчи йилига 3 кун 6 соатдан жами 18 соат малака ошириши белгиланган. Бунда ўқитувчилар университетлар томонидан ташкил этиладиган курсларда иштирок этадилар.

Таълим тизимида лавозимга тайинлаш, хусусан, мактаб директори лавозимига махсус интернет сайтларида эълон берилади. Бу лавозимга номзодлар талабига кўра, 5 ёки 6 йил педагогик иш тажрибасига эга бўлиши ҳамда 1 йиллик махсус "Лидерлик ва бошқарув" курсини тамомлаган (сертификатга эга) бўлиши лозим.

Номзодлар ичидан энг муносиби ҳудудий бошқарма бошлиғи бошчилигидаги кенгаш томонидан суҳбат асосида ишга қабул қилинади. Ўқитувчилик иш ўрнига эълон ҳам онлайн веб-сайтларда берилади, номзод директор бошчилигидаги кенгаш томонидан суҳбат асосида саралаб олинади. Суҳбат жараёнига ўқувчилар ҳам таклиф этилишлари мумкин.

 Финландияда ўқитувчилар маоши уларнинг иш стажига қараб ҳисобланади. 

15-29 январь кунлари давом этадиган мазкур малака ошириш курслари ва Финландиядаги мактаблар тажрибаси билан таништиришда давом этамиз.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг