Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Дунё 06/04/2022 7 апрель – Руандада содир этилган геноцидни хотирлаш халқаро куни
7 апрель – Руандада содир этилган геноцидни хотирлаш халқаро куни

Ҳар йили 7 апрель куни бутун дунёда Руандада содир этилган геноцид қурбонлари хотирланади. Бу ҳақдаги резолюция (A/RES/58/234) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2003 йил 23 декабрда қабул қилинган. 

Руандада содир этилган геноцид қурбонлари хотираси куни рамзий маънога эга. Ушбу сана Руандада озчиликни ташкил қилган Туциларга Хутулар томонидан қирғин содир этганлигига бағишланган бўлиб, бу воқеа 1994 йил апрель ойидан июнгача юз берган. 

1994 йилда қарийб 100 кун давом этган қирғинда 800 мингга яқин Туцилар ва уларга ҳайриҳоҳ хутулар ўлдирилган. Турли маълумотларга қараганда, бу геноцидда 800 мингдан 1 миллионгача одам ўлдирилган бу мамлакат аҳолисининг, тахминан, 20 фоизини ташкил қиларди.

Руандада содир этилган геноцид юзага келтирган асосий сабаблардан бири – 1994 йилнинг 6 апрел куни Танзанияда бўлиб ўтган халқаро анжумандан қайтаётган Руанда ва Бурунди президентлари тушган самолёт уриб туширилди. Уларнинг ҳар иккиси ҳалок бўлди. Президент Хабиаримана вафотидан кейин кўп ўтмай президент гвардияси аеропорт яқинида бўлган одамларни ўлдира бошлади. Руанда ҳарбийлари аввал тузилган рўйхат бўйича туци қабиласига мансуб сиёсатчиларни ўлдира бошлади. Ўлдирилганлар орасида хуту қабиласи вакиллари ва тинч аҳоли вакиллари ҳам бор эди. Мамлакат бош вазири Агата Увилингийимана 7 апрел куни ўлдирилди. Бош вазир уйини қўриқлаётган 10 нафар белгиялик ва 5 нафар Ганалик аскар ўз қуролларини топширишга мажбур бўлди. Тинчликни сақловчи кучлари қуролсизланганини кўрган Агата Увилингийимана эри, болалари ва яна бир неча ҳамроҳи билан АҚШ элчихонасига яширинишга ҳаракат қилди. Бироқ ҳарбийлар ва жангарилар бош вазир ва унинг эрини шафқатсизларча ўлдиришди. 

Президентлар ҳалокати хуту элатининг экстремистлари учун Руандада ҳокимиятни эгаллаб олишга баҳона бўлди ва сон бўйича улардан оз бўлган туци элати вакилларига нисбатан оммавий қирғинлар бошлаб юборилди.

Таҳлилларга кўра, Руандадаги қирғиннинг тезлиги иккинчи жаҳон урушида фашистлар томонидан "ўлим лагерларида" содир этилган қотилликлар тезлигидан беш баробар ошиб кетганини билдиради.

2008 йилнинг 18 декабрида трибунал собиқ полковник Теонесте Багосоруни инсониятга қарши жиноят содир этганликда айбдор, деб топиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Маълум бўлишича, у авиаҳалокатдан сўнг мамлакатдаги сиёсий ва ҳарбий вазиятни ўз қўлига олган. Шу сабабли ҳам маъсулият унга тушади.

1994 йил Руандада содир этилган геноцид қурбонларини хотирлаш куни 2003 йилдан буён халқаро хотирлаш куни сифатида бутун дунёда ўтказилиб келинади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг