Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 07/12/2022 5 декабр – Бутунжаҳон тупроқ куни
5 декабр – Бутунжаҳон тупроқ куни

Тупроқ инсонларга берилган энг асосий ва бебаҳо бойлик, битмас-тугамас мулк ҳисобланади. Тупроқ қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этади. 

Бугун дунёнинг турли минтақаларида “Бутунжаҳон тупроқ куни” кенг нишонланмоқда. Юртимизда айнан қишлоқ хўжалиги тизимининг тупроқшунослик соҳасида фидокорона фаолият юритиб келаётган олимлар, мутахассислар ва талаба ёшлар бу кунни ўзгача байрамона шукуҳ билан кутиб олишади. 

Жаҳон миқёсида тупроқлар унумдорлигини сақлаш, уларни турли деградация жарёнларидан муҳофаза қилиш, тупроқнинг аҳамияти ҳақида хабардорликни ошириш ва тупроқ ресурсларидан барқарор фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида, 2002 йилда Халқаро тупроқшунослик жамияти томонидан “Бутунжаҳон тупроқ куни”ни нишонлаш тавсия этилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) хабардорликни ошириш учун глобал платформа сифатида Бутунжаҳон тупроқ кунининг расмий таъсис этилишини қўллаб-қувватлади. ФАО конференцияси 2013-йил июн ойида Бутунжаҳон тупроқ кунини бир овоздан маъқуллади ва БМТ Бош Ассамблеясининг 68-Конгрессида уни расман қабул қилинишни сўради. 2013-йил декабр ойида БМТ Бош Ассамблеяси 2014-йил 5-декабрни биринчи расмий Бутунжаҳон тупроқ куни сифатида белгилашни қўллаб-қувватлади.

Шу муносабат билан 5 декабрь ‒ Бутунжаҳон тупроқ кунини муносиб ўтказиш мақсадида 2022 йилнинг 5 декабрь куни Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда “Тупроқ унумдорлигини сақлашда рақамли технологияларни қўллаш истиқболлари ва муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу анжуман – соҳа мутахассислари ва олимларини мамлакатимиз тупроқлари унумдорлиги сақлаш ва ошириш мақсад йўлида янада бирлаштиради. Мазкур анжуман глобал иқлим ўзгаришлари натижасида юзага келаётган саҳроланиш, ерлар деградацияси, шўрланиш, тупроқлар эрозияси, атроф-муҳитни ифлосланиши каби салбий

ва долзарб масалаларни ҳал этишда тупроқшунос, агрокимёгар ва бошқа турдош соҳа олимларининг олган янги назарий ва амалий янгиликлари, соҳани рақамлаштириш йўналишида эришган ютуқлари, инновацион ғоялари билан ўртоқлашиш имконини беради.

Ҳозирги кунда институтда 14 та илмий лойиҳалар бўйича тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур амалий ва инновацион лойиҳалар доирасида мамлакатимиз тупроқлари унумдорлигини сақлаш, ошириш, уларда кечаётган деградация жараёнларини олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасида янги технологиялар ишлаб чиқиш, тупроқшунослик соҳасига рақамлаштириш технологияларини олиб кириш, тупроқларнинг, ва шу билан бирга атроф-муҳитнинг экологик ҳолатини яхшилашга йўналтирилган тадқиқотлар бажарилмоқда.

Тупроқлар унумдорлигини ошириш йўналишида экин далаларининг ўзида органик, макро ва микро элементларини кўпайтириш, ғўзани ўғитлашнинг глобал иқлим ўзгаришларига мос NРК нисбатларини ишлаб чиқиш, органик деҳқончиликда экологик соф тупроқ шароити ҳосил қилиш, фосфор адсорбцияси изотермик моделлари асосида тупроқларнинг фосфор таъминотини яхшилаш ҳамда лалмикор майдонларда экинларни алмашлаб экиш тизимида тупроққа ишлов бермасдан экиш (No till) технологиясини ишлаб чиқиш йўналишларида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Тупроқлар экологияси йўналишида фторли бирикмалар билан ифлосланган тупроқларни физиологик ҳолатини яхшилашда экологик ҳавфсиз, биологик фаол препаратлар яратиш, тупроқларни токсик моддалар билан заҳарланиш даражасини акс эттирувчи 3D карталарини яратиш, Орол денгизи қуриган тубида деградацияга учраган тупроқларнинг экологик-мелиоратив ҳолатига оид ўрта масштабли тупроқ картасини яратиш борасида тадқиқотлар бажарилмоқда. 

Тупроқшунослик соҳасини рақамлаштириш борасида шўрланган қишлоқ хўжалик ерлари мелиоратив ҳолатини маълумотларини қайта ишлашга йўналтирилган мобил илова яратиш, республикадаги гипслашган суғориладиган тупроқларнинг 3D карталарини яратиш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда тупроқ ресурсларини баҳолаш ва мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулот яратиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, институт олимлари томонидан мамлакатимизда илк маротаба тупроқларни халқаро тупроқ кимёвий таҳлиллари стандарти (51 ISO/TC 190 Soil quality) асосида

таҳлил қилиш технологиясини яратиш ҳамда бутун жаҳонда кенг кўлланилаётган тупроқ сифати индекслари асосида тупроқларнинг соғломлик даражасини баҳоловчи тупроқ-экологик хариталарини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар амалда бажарилмоқда.

Инсоният озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барча илғор технологияларини қўллаяпти. Айниқса, сифатли маҳсулот етиштириш, ҳосилдорликни ошириш, дунё бозорини экологик тоза озиқ-овқат билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар кун сайин фаоллашмоқда. Улар орасида бир қарашда кўзга кўринмасада, ниҳоятда муҳим яна бир масала бор — бу тупроқ сифати ва унумдорлигини ошириш. Бунга эришмасдан туриб, бугунги кундаги долзарб озиқ-овқат хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш қийин.

Бугунги кунда барча соҳалар ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда ривожланиб бормоқда. Институт БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти(ФАО) ни ўзининг энг яқин ҳамкор ташкилотлардан ҳисоблайди. Шунингдек, мазкур ташкилот билан кўп йиллардан буён ҳамкорликда тупроқшуносликдаги муаммоли ва долзарб масалаларни ижобий ҳал этиш йўналишларида илмий изланишларни бажариб келмоқда. Фикримиз далили сифатида жорий йилда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) нинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида Институтда янги Географик ахборот тизимлари (GIS) лабораторияси очилди. Ушбу GIS-лабораторияси рақамлаштириш соҳасидаги энг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди.

Янги ташкил этилган GIS-лабораторияси геоахборот технологиялари ёрдамида ерларнинг деградация жараёнларини баҳолаш ва хариталаш, тупроқлар ҳолатини таҳлил қилишнинг самарадор ва тезкор ахборот тизимларини яратиш, тупроқ хариталаш ишларини, анъанавий хариталаш усулларини рақамлаштириш, тадқиқ этиладиган ҳудуд тўғрисида тез, сифатли ва аниқ маълумот олиш, геоахборот технологияларини қўллаган ҳолда масофадан зондлаш маълумотларига ишлов бериш орқали кўп йиллик мониторинг ишларини олиб боришга доир илмий-тадқиқотларни амалга оширишда бир қатор имкониятлар яратади ҳамда ер деградациясини бартараф этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради.

Жамият ҳаёти ҳамиша тупроқ билан чамбарчас боғланиб келган. У – ризқ-рўз ва тириклик манбаидир. Тупроқларнинг ҳозирги ҳолати, уларнинг унумдорлигини сақлаш ва ошириш қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда муҳим ўрин эгалар экан, ерлардан самарали, оқилона фойдаланиш ҳозирги ва келажак талаб қилаётган заруратдир. Биз ана шу заруратни ҳеч қачон унитмаслигимиз, ерларни асраб-авайлаб, у билан тиллаша олишимиз даркор.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг