Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Жорий йилнинг 12 март куни Марказий банк томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республика валюта биржасида муомала даври 12 ой бўлган 1 млн.сўм номинал қийматга эга, умумий ҳажми 40 млрд.сўмлик 40 минг дона давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш бўйича аукцион савдолари ўтказилди. Қимматли қоғозлар бўйича фоиз тўловлари хар чорак амалга оширилади.
Аукционда 5та дилер иштирок этган бўлиб, улар томонидан 109,5 млрд.сўм ҳажмидаги 109 250 дона облигацияни сотиб олиш учун рақобатли буюртманомалар таклиф этилди.
Аукцион давомида 40 000 дона қимматли қоғозлар 40,16 млрд.сўм қийматида жойлаштирилди (чиқарилиш умумий ҳажмининг 100 фоизи).
Аукционда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозларнинг сўндириладиган умумий ҳажми 46 млрд.сўмни ташкил этади.
Қимматли қоғозларнинг ўртача тортилган даромадлилиги, минимал даромадлилик даражаси ҳамда чегириш нарх бўйича максимал даромадлилик даражаси йиллик 14,54 фоизни ташкил этди.
Манба: Марказий банк телеграм канали.