Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатда иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳудудларда минтақаларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар билан таништириш мақсадида фармойиши қабул қилинди.
Ҳужжат билан Навоий вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Навоий вилоятида 2019 йил 30 апрель - 1 май кунлари хорижий ишбилармон доиралар, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг мамлакатдаги дипломатик корпус вакилларини таклиф этган ҳолда “Invest In Navoi” II Халқаро бизнес-форумни ўтказиш бўйича таклифларига розилик берилди.
Ташкилий қўмитага (Бекенов, Турсунов) қуйидаги вазифалар юкланди:
ахборот-таҳлилий ва бошқа ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, Халқаро бизнес-форум учун ахборот кўмагини ташкил қилиш бўйича зарур чораларни кўриш;
тадбирнинг зарур техника ва телекоммуникация воситалари билан таъминланиши, тадбир ўтказиладиган жойлар ободонлаштирилиши, шунингдек тадбир ўтказиладиган даврда Тошкент ва Навоий шаҳарларида меҳмонхона фондининг тайёр ҳолатда бўлишини ташкил қилиш;
режалаштирилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, Халқаро бизнес-форумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилиш.
Белгилаб қўйилишича, Халқаро бизнес-форумни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Навоий вилояти маҳаллий бюджети ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда ушбу маблағлар Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан очиладиган махсус ҳисобрақамга ўтказилиши назарда тутилади.