2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга пул ўтказмалари 27 фоизга ўсди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг январь-июнь ойларида чет элдан мамлакатимизга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга (1,8 млрд долл) кўпайиб, 8,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки маълум қилди.
Маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (6,4 млрд долл) келиб тушган бўлиб, қолган қисми Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон, Литва ҳамда бошқа мамлакатлар ҳиссаcига тўғри келди.
2025 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига меҳнат муҳожирлари ишлайдиган анъанавий мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши билан бир қаторда, миллий валюта курсларининг мустаҳкамланиши таъсир қилди.
Ташқи меҳнат миграцияси географиясида диверсификация жараёнлари давом этиб, бу ривожланган мамлакатлардан Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмлари ўсишида намоён бўлди.
Хусусан, трансфертлар ҳажми Буюк Британиядан 2 баробар, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга (Ирландия 2,8 баробар, Литва 79 фоиз, Нидерландия 44 фоиз, Польша 20 фоиз) ҳамда АҚШдан 15 фоизга ошди.
Ушбу даврда жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 4,3 млрд доллари (53 фоизи) анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2024 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 22 фоиз), 3,6 млрд доллари (44 фоизи) хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри – P2P ўтказмалар орқали (ўсиш 40 фоиз) ҳамда 251 млн доллари (3 фоизи) банк ўтказмаси – SWIFT орқали (камайиш 22 фоиз) амалга оширилган.