2024-йил учун номинал ва реал самарали алмашув курси индекслари ҳисоблаб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2024-йил учун номинал (NEER) ва реал самарали алмашув курси (REER) индекслари ҳисоблаб чиқилди.
2024-йилда Ўзбекистон учун NEER ва REER индексларини ҳисоблашда савдо ҳамкорларимиз сифатида Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида 83 фоиз ҳиссага эга бўлган 20 та мамлакат, базавий давр сифатида 2019-йилнинг январь ойи танлаб олинди.
2024-йилда Ўзбекистонда реал самарали алмашув курси индекси кўтарилди. Хусусан, 2024-йилнинг декабрь ойида REER индекси 2023-йилнинг мос давридагига нисбатан 4,8 бандга (106,6 дан 111,4 га) кўтарилди. Бунда, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси ўзгариши таъсири 3,3 банд бўлган бўлса, инфляциянинг таъсири 1,5 бандни ташкил этди.
Таъкидлаш жоизки, 2024-йилнинг дастлабки 9 ойида REER индекси 104,1 ва 105,7 оралиғида шаклланган бўлса, IV-чорак якунига келиб III-чорак якунидагига нисбатан 6,6 бандга ошди.
2024-йилда номинал самарали алмашув курси 4,1 бандга (90,0 дан 94,1 га) ўсди.
Иқтисодиётда реал самарали алмашув курсининг кўтарилиши, бошқа омиллар ўзгармас деб қаралганда, экспорт нархларининг қимматлашиши ва импорт нархларининг арзонлашишига олиб келиши мумкин.
2024-йилда REER индексининг ошишига таъсир этувчи муҳим омиллардан бири сифатида асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлар миллий валюталарининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши ўзбек сўми қадрсизланишига нисбатан юқори эканлигини келтириш мумкин.
2024-йилнинг январ-декабрь ойларида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан номинал курси 3,8 фоизга қадрсизланган бўлса, Россия рубли 16,8 фоизга, Қозоғистон тенгеси 15,5 фоиздан кўпроққа ва турк лираси деярли 16,6 фоизга қадрсизланди. Бу ўз навбатида, REER индексининг 3,3 бандга ўсишига таъсир ўтказди.
Шунингдек, 2024-йилда Ўзбекистондаги нархлар даражаси динамикаси ва асосий савдо ҳамкорларимиздаги макроиқтисодий тенденциялар орасида фарқнинг юзага келиши REER индексининг ўсишига таъсир этди.
2024-йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич Россияда 9,5 фоизга, Қозоғистонда 8,6 фоизга ва Хитойда 0,2 фоизга тенг бўлди. Инфляция омилининг REER индексига таъсири 1,5 бандни ташкил этди.