Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Куни кеча Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов билан Люксембург Савдо-саноат палатасининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича директори Женнот Эрпелдинг ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида томонлар инвестициявий ғояларни биргаликда илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларни йўлга қўйиш, савдо номенклатурасини кенгайтириш, шунингдек, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш чораларини кўриш масалалар икки давлат ишбилармон доиралари эътибори марказида эканини қайд этди.
Таъкидланганидек, Люксембург Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ўзаро манфаатли, хўжалик юритувчи субъектлар ва палаталар аъзолари ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида доимий асосда ҳамкорлик қилишга тайёр.
Учрашув якунида қуйидаги келишувларга эришилди:
– 2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Люксембург савдо миссиясини ташкил этиш;
– жорий йилнинг июнь-июль ойларида Ўзбекистондаги бугунги ривожланиш жараёни, мавжуд истиқболли инвестицион ва савдо лойиҳалари ҳақида фикр алмашиш мақсадида Люксембург Савдо-саноат палатасида фаол компаниялар ва ишбилармонлар иштирокида ишчи учрашув ўтказиш;
– Люксембург Савдо-саноат палатаси билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ва тегишли меморандумни имзолашга тайёрлаш масаласини ишлаб чиқиш.