Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 17/04/2019 2018 йилда Италияга $ 25,8 млн. маҳсулотлар экспорт қилинган
2018 yilda Italiyaga $ 25,8 mln. mahsulotlar eksport qilingan

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонаси ҳамда Италиядаги хорижий компанияларни илгари суриш ва халқаролаштириш агентлиги (ИТА)  томонидан Ўзбекистон ва Италия ўртасида ўзаро савдо иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадида 2019 йил 16 апрел куни Ўзбекистон ва Италия бизнес-форуми ҳамда унинг доирасида икки мамлакатнинг ишбилармон доира вакиллари билан «В2В» форматидаги учрашув бўлиб ўтди.

Италия делегацияси таркибидан қишлоқ хўжалиги махсулотларини қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқариш, фармацевтика, кимё, озиқ овқат ва кандолатчилик махсулотларини қадоқлаш, савдо, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш ҳамда бошқа соҳаларда фаолият кўрсатаётган 10 та етакчи компания вакиллари ўрин олган.

Форум давомида Италия делегация вакиллари Ўзбекистонда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги «В2В» учрашувида Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди. Унда 50 га яқин маҳаллий ва етакчи тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айланмасининг ҳажми 303,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Шундан, 25,8 млн.долл. АҚШ доллари экспорт, 277,4 млн. АҚШ доллари импортга тўғри келади.

Экспорт маҳсулотлари таркибига асосан хизматлар, ип ва матолар, пахта, қуритилган мевалар киради.

Импорт маҳсулотлари эса механика ва электротехника, автомобил эҳтиёт қисмлари, пластмасса буюмлари, фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотлари, шунингдек, қурилиш материалларидан иборат.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Италия сармояси иштирокида 33 та корхона фаолият юритмоқда. Жумладан, 4 корхона 100% Италия капитали асосида ташкил этилган. Фаолиятининг асосий йўналишлари алкоголсиз ичимликлар, шароб, шиша идишлар, парфюмерия, музқаймоқ, трикотаж, истеъмол товарлари, пахта чиқиндиларини қайта ишлаш, савдо-сотиқ, хизматлар.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 5 та Италия фирма ва компаниясининг ваколатхоналари, шунингдек, Италия-Ўзбекистон савдо палатаси аккредитациядан ўтган.

Манба: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг