Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 02/02/2023 2017-2022 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасида 1,9 маротаба ўсиш қайд этилди
2017-2022 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасида 1,9 маротаба ўсиш қайд этилди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2017-2022 йилларда Ўзбекистонда хизмат турларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижасини таҳлил қилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши иқтисодий ўсиш, аҳоли (айниқса ёшлар) бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эга.

2022-йил якунларига кўра, Ўзбекистонда хизматлар соҳаси ЯИМнинг 41,5% ини ташкил этди ва 2017-2022 йилларда соҳанинг реал ўсиш кўрсаткичи 1,9 маротаба ошди.

Сўнгги йилларда республикада хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилди.

Хусусан:

- «Электрон ҳукумат» тизими такомиллаштирилди ва умумий электрон давлат хизматлари сони 368 тага етди (2019 йилда — 173 та), улардан 242 таси тадбиркорлар учун мўлжалланган;

- бизнесни рўйхатга олиш осонлаштирилди ва хизматлар соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2,2 баробар кўпайди (2017-йилда 128 мингта, 2022-йилда 325 мингта);

- АКТ инфратузилмаси қарийб 6 баробар (оптик толали алоқа линиялари узунлиги 2017-йилдаги 20,3 минг кмдан 2022-йилда 118 минг кмга етди) ва логистика тизими 1,2 баробар яхшиланди (ташилган юклар 2017-йилдаги 1146,2 mln.t dan 2022-йилда 1398,9 mln.t ga етди).

Замонавий хизматларни ривожлантиришда соҳага хусусий секторни жалб қилишнинг рағбатлантирилиши ўз самарасини берди ва таҳлил қилинган йилларда қуйидаги ўзгаришлар қайд этилди:

- молия хизматлари 5,1 маротаба ошди. Хусусий ва хорижий банкларнинг соҳага жалб қилиниши уларнинг рақобатбардошлигини оширди ва 2022-йилнинг 1-декабрь ҳолатига кўра HHI индекси 1016 гача пасайди (2018-йилнинг 1-январь ҳолатига кўра 1520 га тенг бўлган);

- ахборот ва алоқа соҳасидаги хизматлар 2,8 маротаба ошди. Халқаро маълумотларни узатиш тармоғининг ўтказувчанлик имконияти 2022-йилда 1800 Гбит/с гача ошди (2017-йилда 64,2 Гбит/с);

- таълим соҳасидаги хизматлар 2,5 маротаба ошди. Хусусий мактабгача таълим муассасалари сони 833 тага (2017 йилда 250 та эди), давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари сони 1313 тага (2018-йилда 250 та), оилавий мактабгача таълим муассасалари сони 20676 тага (2018-йилда 579 та), нодавлат умумтаълим муассасалари сони 194 тага (2017-йилда 39 та), нодавлат олий таълим муассасалари сони 55 тага (2018-йилда 1 та), хорижий олий таълим муассасалари сони 30 тага (2017-йилда 7 та) етди ;

- соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 2,8 маротаба ошди ва ҳозирги кунда 7320 та хусусий тиббиёт муассасаси (улардан 5823 таси амбулатория, 1497 таси стационар) фаолият юритмоқда (2017-йилда 4000 та эди).

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг