Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 17/03/2023 2017-2022 йилларда Ўзбекистонда транспорт воситалари ёрдамида қанча юк ташилган?
2017-2022 йилларда Ўзбекистонда транспорт воситалари ёрдамида қанча юк ташилган?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2017-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда транспорт турлари юк айланмасида рўй берган ўзгаришларни таҳлил қилди.

Таҳлил мазкур давр мобайнида мамлакатимизда юк ташиш айланмасида сезиларли ўсиш бўлганлигини кўрсатди. Барча транспорт турларида умумий юк айланмаси 2017-йилдаги 66,9 млрд. т-км.дан 2022-йилда 75,2 млрд. т-км.га ошди.

Хусусан:

2017-2022-йилларда темирйўл транспортида ташилган юк айланмаси 22,9 млрд. т-км.дан 24,9 млрд. т-км.га ошган.

Автомобиль транспортининг ҳиссасига тўғри келувчи юк айланмаси қарийб 1,5 баробар ошган. Агар таҳлил қилинаётган давр бошида мазкур кўрсаткич 13,6 млрд. т-км.ни ташкил этган бўлса, 2022-йилга келиб 20,2 млрд. т-км.га етди.

2017-2022-йилларда ҳаво транспортининг юк айланмаси 2 баробарга, яъни 156,9 млн. т-км.дан 322,7 млн. т-км.гача ошди.

Транспорт хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида бир қатор тадбирлар белгиланган. Жумладан:

- ҳудудларда юклар шаклланишининг асосий нуқталарини ҳисобга олган ҳолда транспорт-логистика марказлари тармоғини ташкил этиш;

- халқаро юк ташувларидаги транспорт ҳужжатларини («e-Permit», «e-TIR», «e-CMR» ) электрон кўринишга босқичма-босқич ўтказиш;

- мавжуд контейнер терминалларини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш;

- темирйўлда контейнер ташиш улушини камида 2 баробар ошириш режалаштирилган.

Умуман айтганда, юк айланмасининг барқарор ўсиши транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва ташқи савдо фаолиятини эркинлаштириш натижасидир. Келгусида юк айланмасини янада оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар замирида рақамлаштириш, инфратузилмаларни модернизация қилиш ва ташувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш ётади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг