Валюта курслари 14/03/2025
$1 – 12938.11
UZS – 0.14%
€1 – 14076.66
UZS – -0.18%
₽1 – 149.99
UZS – 0.31%
Қидириш
Ўзбекистон 16/03/2025 17-март куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси бўлиб ўтади

17-март куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси бўлиб ўтади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Унда Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисини 2025 йил 17 март куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Таъкидланганидек, ялпи мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Унда қатор масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилган.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида турган вазифалар кўриб чиқилади.

Шунингдек, Сув кодексини тасдиқлаш, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш, кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштиришга оид муҳим қонунлар муҳокама қилинади.

Сенаторлар томонидан заргарлик саноатини янада ривожлантириш ва йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонунлар ҳам кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга, қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қонунларни ҳам муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг (омбудсманнинг) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) 2024 йилдаги фаолияти бўйича маърузалари эшитилади.

Шунингдек, бир қатор халқаро шартномаларни ратификация қилишга доир, ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг айрим масалалари юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари билан боғлиқ масалалар ҳам ялпи мажлис кун тартибидан ўрин олган.

Ялпи мажлисда кўриладиган масалалар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезони – Инсон қадри ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг